14.07.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги ПФ-5655-сон фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикасининг “Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида”ги қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва мазкур Фармон ижроси юзасидан вилоят ҳокимининг тааллуқли қарори қабул қилинди.
Ҳар қандай давлатнинг тарихи – бу, биринчи навбатда, унда яшайдиган халқнинг тарихи, аҳолисининг сони ва таркиби, унинг иқтисодий ва ижтимоий тавсифларида ўз ифодасини топади. Аҳоли сони бўйича аниқ ва яхлит маълумотлар аҳолини рўйхатга олиш асосида олинади.
Мустақиллик йилларида мамлакатимизда биринчи маротаба аҳолини рўйхатдан ўтказиш режалаштирилаётганлигини алоҳида таъкидлашимиз керак. Аҳолини рўйхатга олиш якунларига қараб ўтмиш ва ҳозирги давр ҳақида фикр ва мулоҳазалар юритиш ҳамда келажакни прогноз қилиш мумкин бўлади.
Мамлакатимиз аҳоли сонини аниқ ҳисоблаб чиқиш уларнинг жинси, ёши, оилавий аҳволи, маълумоти, турмуш даражаси, яшаш шароити, бандлиги, миллати, фуқаролиги ҳамда бошқа демографик, ижтимоий-иқтисодий хусусиятлари бўйича ягона маълумотлар базасини яратиш мақсадида, давлатимиз раҳбари томонидан “Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйҳатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида” ги фармон имзоланди.
Мазкур Фармон мамлакатимиз тараққиёти йўлида қўлга киритилажак асосли ва ишончли маълумотлар базасини яратиш, республикадаги ижтимоий вазиятга янада ойдинлик киритишга хизмат қилади.
Чунки маҳаллий ҳамда ҳорижий компанияларнинг самарали фаолиятида ҳудудлардаги реал ҳолатни билиш, прогноз қила олиш муҳим омиллардан саналади.
БМТ тавсияларига кўра, аҳолини рўйхатга олиш 10 йилда камида бир маротаба ўтказилиши белгиланган. Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Республикасида аҳолини рўйхатга олиш ўтказилмаган. Аҳолининг сони, ёш-жинс таркиби, ҳудудий жойлашуви хусусиятлари ва бошқа ижтимоий-демографик ҳолатларидаги ўзгаришлар аҳолининг жорий ҳисоби бўйича мавжуд маълумотларни қўллашни сезиларли даражада чекламоқда.
Мазкур ҳужжат билан тасдиқланган концепцияга асосан, Ўзбекистонда 2022 йилда аҳолини рўйҳатга олиш ишлари олиб борилади.
Бунда вилоятимизнинг янги, мукаммал кадастр харитаси яратилади деганидир. Бундан ташқари, фармонга мувофиқ Ўзбекистон Респуликасида 2022 йилда аҳолини рўйҳатга олишни ўтказишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури ҳам таъсдиқланди.
Худудий комиссияларнинг асосий вазифалари этиб ҳудудларда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш, ўтказиш ва натижаларни эълон қилишга доир чора-тадбирларнинг ўз вақтида ҳамда сифатли бажарилишини таъминлаш вазифаси юклатилди.
Рўйҳатга олиш жараёнида тўпланадиган статистик маълумотлар эндиликда ягона электрон ахборот тизимига киритилади. Натижада вилоятимизнинг шаҳари, туманидан тортиб маҳалласию кўчасигача, чекка қишлоқригача алоқадор барча маълумотни ўзи акс эттирган кенг қамровли ахборот манбаига эга бўлади. Бу қимматли маълумотлар ижтимоий-иқтисодий жараёнларни прогноз қилиш, бандлик соҳасидаги сиёсатни белгилаш, ижтимоий сиёсат ва аҳоли саломатлиги бўйича дастурларни яратишда, шунингдек давлат хокимияти органларининг вазифаларини бажариши, фан ва жамиятни ахборот билан таъминлаш учун зарурдир.
Хулоса шуки, аҳолини рўйхатга олиш маълумотларидан миллий барқарор ривожланиш мақсадларини амалга оширишда ва мониторингни юритишда, аҳоли пунктларининг инфратузулмасини яхшилашда, меҳнат ресурсларидан фойдаланиш ва жойлаштириш бўйича қисқа, ўрта ва узоқ муддатли прогнозлар, дастурларни ишлаб чиқишда фойдаланилади. Бу омил жамият тараққиётининг негизи эканлиги шубҳасиз.