06.01.2023
Kirib kelgan yangi 2023-yil fuqarolarimiz va tadbirkorlarimiz uchun yangi imkoniyatlarni taqdim etmoqda.
Xususan, 2023-yil 1-yanvardan boshlab:
“Тиббиёт бригадалари”га қўшимча 4 900 та штат берилади
Болалар ҳамда ҳомиладор ва туғиш ёшидаги аёлларни янада сифатли тиббий хизмат билан тўлиқ қамраб олиш учун “тиббиёт бригадалари” таркибига қўшимча 4 900 та ўрта тиббиёт ходимлари (педиатрия ҳамшираси ва доя) штатлари ажратилади.
Фуқарони шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади
Ички ишлар органлари фаолиятига босқичма-босқич
“Е-патруль” тизими жорий этилиб, фуқаронинг шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади.
Шунингдек, барча маълумотлар жойида планшет орқали текширилиб, ички ишлар органлари патруль-пост хизмати ходимларининг фаолияти “бодикамера”дан фойдаланган ҳолда амалга оширилиши йўлга қўйилади.
Қоракўлчилик маҳсулотлари етиштирувчилар учун солиқ ва божхона имтиёзлари узайтирилади
Ипак қурти уруғи, тут кўчатлари ва пилла етиштириш, пиллани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда қоракўлчилик билан шуғулланаётган субъектлар, қоракўлчилик маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари ва қоракўлчилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилар учун кўзда тутилган солиқ ва божхона тўловлари бўйича имтиёзлар 2026 йил 1 январга қадар узайтирилади.
Фахрий донорларга бериладиган мукофот пули кўпайтирилади
“Ўзбекистон Республикаси фахрий донори” кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга бирйўла бериладиган пул мукофоти суммаси БҲМнинг 5 бараваридан 15 бараваригача (1,5 млндан 4,5 млн сўмгача) оширилади.
Шунингдек, кўкрак нишони билан тақдирланган шахсларга қуйидаги ҳуқуқлар берилади:
▫️улар учун қулай бўлган вақтда йиллик асосий меҳнат таътилига чиқиш;
▫️шаҳар жамоат транспортининг барча турларидан (йўналишли ва йўналишсиз таксилардан ташқари) бепул фойдаланиш;
▫️давлат санаторий-курортларида даволаниш учун йўлланмаларни навбатсиз олиш;
доимий (йилига камида 3 марта қон топширувчи) донорлар ва уларнинг яқин қариндошлари (ота-оналари, турмуш ўртоғи, фарзандлари, ака-ука ва опа-сингиллари, турмуш ўртоғининг ота-оналари) стационар даволаниш жараёнида, зарурат туғилганда, қон ва унинг таркибий қисмлари билан бепул таъминланади;
донорларни бепул овқат билан таъминлаш бўйича харажатларнинг қиймати республика бўйича бир хил — меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 3 фоизи (27 минг 600 сўм) миқдорида белгиланади;
иммун донорларга ўтказилган иммунизация ва топширилган плазмаси учун ҳақ тўлаш миқдори меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг оширилиши даражаси доирасида мутаносиб равишда индексация қилиб борилади;
шошилинч ҳолатларда донор қонининг таркибий қисмларини ташиш учун тез тиббий ёрдам хизматидан фойдаланишга рухсат берилади.
Фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнлари рақамлаштирилади
Фуқароларга юридик ёрдам кўрсатиш жараёнларини рақамлаштириш, адвокатура соҳасини судлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамда бошқа давлат органлари фаолияти билан интеграция қилишни назарда тутувчи “Юридик ёрдам” ахборот тизими ишга туширилади