05.10.2021
Маълумки, мамлакатимизда сўнги йилларда инсон омили, хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг дарду-ташвишлари ўрганиш мақсадида халқ билан мулоқот қилишга катта эътибор берилиб, муаммоларга ечим топиш ва халқни рози қилиш давлатимиз сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бирига айланди.
Дарҳақиқат, Асосий қонунимиз - Конституциямизда белгиланганидек, “Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаи” бўлиб, “Давлат органлари ва мансабдор шахслар жамият ва фуқаролар олдида масъулдирлар”.
Шундай экан, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш, уларни эшитиш, муаммоларини ўрганиш, ечим топиш давлат хизматчиларининг муҳим вазифаларидандир. Фуқаролар эса белгиланган тартибда давлат органларига мурожаат қилиб, жавоб олиш ҳуқуқига эга ва бу орқали ўзларини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топадилар, шу билан бирга улар ўз таклифлари орқали давлат бошқарувида бевосита иштирок қиладилар.
Шу ўринда айтиш керакки, давлат ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларидан мурожаатлар билан ишлаш ва уларга жавоб беришда алоҳида билим ва масъулият талаб қилса, фуқаролар ҳам бу юзадан маълум даражада ҳуқуқий онг ва маданиятга эга бўлишлари керак.
Ўзбекистон Республикасида мурожаатларга оид муносабатлар алоҳида қонун ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган бўлиб, уларда мурожаат этиш ҳуқуқининг объект ва субъектлари, мурожаат шакллари, турлари, тартиби, муддатлари, принциплари ҳамда бошқа талаб ва қоидаларига оид барча нормалар белгилаб қўйилган. Мурожаатларга оид қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, Ўзбекистон Республикасининг «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 28 декабрдаги “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4904-сонли Фармони, 2019 йил 17 январдаги “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5633-сонли Фармони, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ижросини таъминлаш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳамда туманлар ва шаҳарлардаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш мақсадида 2019 йил 4 июлда “Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолиятини ташкил этиш ва мувофиқлаштириш котибияти, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари тўғрисида ҳамда туманлар ва шаҳарлардаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари тўғрисидаги Низомларни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори қабул қилинди.
Ушбу ҳужжатлар ичида, 2017 йилда қабул қилинган «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуни муҳим аҳамиятга эгадир. Қонунда мурожаатларни кўриб чиқишда қонунийлик, мурожаатларни ўз вақтида ва тўлиқ кўриб чиқиш, мурожаатларга нисбатан талабларнинг бир хиллиги, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши, мурожаатларни кўриб чиқишда бюрократизм ва сансалорликка йўл қўйилмаслиги, мурожаатларни кўриб чиқишда давлат органлари, ташкилотлар ва улар мансабдор шахслари фаолиятининг шаффофлиги каби асосий принциплар мустаҳкамланган.
Мазкур Қонун ҳужжатларида мурожаатлар бўйича фуқаролар билиши лозим бўлган барча тартиб-қоидалар, ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгиланган. Уларни билиш ва амал қилиш нафақат ўзи учун, балки, мурожаат йўлланаётган ташкилот вакиллари учун қулайликларни яратади.
Қонунга кўра жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари оғзаки, ёзма ёхуд электрон шаклда аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида бўлиши мумкин. Шу ўринда айтиш керакки, амалиётда кўп ҳолларда фуқаролар ўз мурожаатларини “Ариза” тарзида йўллаётган бўлиб, мазмуни бўйича эса аслида шикоят эканлигини англаш мумкин. Шунинг учун мурожаатларнинг турлари - ариза, шикоят ва таклифнинг фарқини билиш мақсадга мувофиқ.
Ариза - ҳуқуқларни, эркинликларни ва қонуний манфаатларни амалга оширишда ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги илтимос баён этилган мурожаат бўлиб, у жисмоний ва юридик шахсларнинг давлат органлари, муассасалари ёки мансабдор шахсларга уларнинг субъектив ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга оид расмий мурожаатидир. Ариза жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг бузилиши билан боғлиқ бўлмайди, балки талаб ёки илтимос мазмунида бўлади. Талаб мазмунидаги аризада мурожаат этувчи ўз ҳуқуқининг таъминланишини талаб қилади, давлат органи эса, унинг талаби асосли бўлганда қаноатлантириш мажбуриятига эга бўлади. Илтимос мазмунидаги аризада илтимос қилиб сўралади.
Таклиф – давлат ва жамият фаолиятини такомиллаштиришга доир тавсияларни ўз ичига олган мурожаат бўлиб, унинг асосий мақсади қонунчиликни такомиллаштириш, давлат органлари фаолиятини яхшилашдир.
Шикоят - бузилган ҳуқуқларни, эркинликларни тиклаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги талаб баён этилган мурожаат бўлиб, суъектив ҳуқуқ ва эркинликларни ҳимоя қилиш, бузилган ҳуқуқларни тиклаш ҳамда давлат органлари, ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолиятидаги қонун бузилишларни, ижтимоий-иқтисодий, ҳуқуқ-тартибот ва бошқа соҳалардаги камчиликларни бартараф этиш мақсадида берилади.
Мурожаатларни нафақат ёзма, балки оғзаки ёки электрон шаклда ҳам йўллаш мумкин. Мурожаатлар, уларнинг тури ва шаклидан қатъи назар, бир хил аҳамиятга ва мақомга эгадир. Мурожаат шаклини жисмоний ва юридик шахслар ўз имконияти ва хоҳишларига қараб юборишлари мумкин.
Электрон мурожаат – белгиланган тартибда ахборот-коммуникация технологиялари воситасида берилган, давлат органининг, ташкилотнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилган мурожаатдир. Шуни ҳам билиш керакки, электрон мурожаат қонунда белгиланган талабларга мувофиқ тузилиши, электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ва электрон ҳужжатнинг уни идентификация қилиш имкониятини берадиган бошқа реквизитларга эга бўлган электрон ҳужжат шаклида бўлиши лозим. Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали ёки давлат органининг расмий веб-сайти орқали келиб тушган мурожаатлар электрон мурожаатлар тарзида қайд этилади.
Бундай шаклдаги мурожаатнинг устунлиги шундаки, биринчидан, мурожаат қилувчи шахслар тегишли ташкилотга мурожаат қилишда ва асосланган жавоб (маълумот) олишда вақтдан ютса, иккинчидан, жисмоний ва юридик шахсларга мурожаат бўйича қилинадиган сарф-харажатларни тежаб қолади.
Қонунда мурожаатларга нисбатан қатор талаблар қўйилган. Жумладан, мурожаат қилувчи жисмоний шахс ўзининг фамилияси (исми, отасининг исми) ва яшаш жойи тўғрисидаги маълумотларни, юридик шахс эса юридик шахснинг тўлиқ номи ва жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотларни кўрсатиши керак. Мурожаатда мурожаат этувчи шахснинг электрон почта манзили, алоқа телефонлари ва факслари рақамлари ҳам кўрсатилиши, шу билан бирга мурожаат давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахслар мурожаат қилинаётган давлат органи, ташкилотнинг аниқ номини, мансабдор шахснинг лавозими, фамилияси (исми, отасининг исми)ни кўрсатиши ва мурожаатнинг моҳияти баён этиши керак.
Агар ёзма мурожаатда зарур маълумотлар кўрсатилмаган ёки улар ҳақида ёлғон маълумотлар берилган бўлса, ёхуд мурожаатлар имзо (электрон рақамли имзо) билан тасдиқланмаган, шунингдек, мурожаат этувчилар вакилларининг ваколатларини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаса, мурожаатлар аноним мурожаатлар деб ҳисобланади ҳамда бундай мурожаатлар кўриб чиқилмайди.
Қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаат қилишлари билан боғлиқ бир қанча ҳуқуқлари ҳам белгиланган. Хусусан, жисмоний ва юридик шахслар давлат органларига, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига якка тартибда ёки жамоа бўлиб мурожаат этишлари мумкин. Бундан мурожаат этиш ихтиёрий амалга оширилиб, улар қандай шакл ёки турда бўлишидан қатъий назар давлат органлари, ташкилотлар, уларнинг мансабдор шахслари томонидан қабул қилиниши хамда кўриб чиқилиши шарт.
Лекин мурожаат этаётган жисмоний ва юридик шахслар, бошқаларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ҳамда қонуний манфаатларини, шунингдек жамият ва давлат манфаатларини бузмаслиги керак.
Мурожаат этиш ҳуқуқидан фойдаланилаётганда жисмоний шахснинг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига, шунингдек юридик шахсларнинг мулк шакли, жойлашган жойи (почта манзили), ташкилий-ҳуқуқий шаклларига ва бошқа ҳолатларига қараб камситишга йўл қўйилмайди.
Агарда мурожаатни қабул қилиш ва кўриб чиқиш тартиби бузилса ёхуд қонунга хилоф равишда рад этилса бўйсунув тартибида юқори турувчи органга ёхуд бевосита судга шикоят қилиш мумкин. Мурожаатлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисида (40, 41 ва 43-моддалар) ва Жиноят кодекс (139, 140, 158-моддалар)ида маъмурий ва жиноий жавобгарлик белигланган.
Тегишли ташкилотга юборилган мурожаатларни, яъни ариза, шикоят ва таклифларни кўриб чиқиш ҳамда жавоб бериш тартиблари ҳам белгиланган. Жумладан, унга кўра жисмоний ва юридик шахс томонидан берилган ариза ёки шикоятларга тегишли ташкилотга келиб тушган ёки рўйхатдан ўтган вақтдан бошлаб 15 кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса, 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилиб жавоб берилиши керак.
Агарда ариза ёки шикоятда қўйилган масалаларни ҳал этиш муайян давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахслари ваколатига кирмайдиган бўлса, ушбу мурожаат 5 кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга ва мансабдор шахсларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади.
Таклиф эса давлат органига, ташкилотига ёки уларнинг мансабдор шахсига келиб тушган кундан эътиборан бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклифни киритган жисмоний ёки юридик шахс ўн кунлик муддатда ёзма шаклда хабардор қилинади.
Агарда кўрмай қолдирилган мурожаатлар бўладиган бўлса, мурожаат қилувчи тегишли тартибда хабардор қилиниши лозим.
Албатта, бу ерда фуқаролар мурожаатларга жавоб бермаслик ёки кўрмасдан қолдириш сабабларини, такрорий мурожаат қилиш тартибларини ҳам билиши лозим ва бу вақтнинг бекорга кетишининг олдини олади.
Амалдаги қонунликка мувофиқ мурожаатларни кўриб чиқишни тугатилиши асослари мустаҳкамланган.
Масалан, агар такрорий мурожаатларда янги важлар ёки янгидан очилган ҳолатлар келтирилмаган бўлса, илгариги мурожаат материалларида эса текширувларнинг тўла-тўкис материаллари мавжуд бўлса ва мурожаат қилувчига белгиланган тартибда жавоблар берилган бўлса;
агар мурожаат қилувчи ўз мурожаатини белгиланган тартибда чақириб олган бўлса ёки уни кўриб чиқишни тугатиш тўғрисида илтимос қилган бўлса;
яшаш жойи, турган жойи (почта манзили), электрон почта манзили ёки бошқа реквизитлари ўзгарганлиги тўғрисида ўз вақтида хабардор қилмаганлиги туфайли чақиришнинг имкони йўқлиги сабабли мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти бўлмаганда;
мурожаатни мурожаат қилувчининг иштирокисиз кўриб чиқиш имконияти мавжуд эмаслиги сабабли, давлат органи, ташкилот ёки уларнинг мансабдор шахси томонидан чақирилган мурожаат қилувчи келмай қолган тақдирда;
агар мурожаат қилувчи жисмоний шахс вафот этганидан сўнг мурожаатни кўриб чиқиш ҳуқуқий ворисликка йўл қўймаса мурожаатларни кўриб чиқиш тугатилиши мумкин. Бундай ҳолатда тегишли давлат органи мансабдор шахси қарор қабул қилади.
Шу ўринда айтиш керакки, жисмоний ва юридик шахслар бошқа ҳуқуқларга ҳам эга. Масалан, мурожаат кўриб чиқилишининг бориши ҳақида ахборот олиш, шахсан важларини баён этиш, тушунтиришлар бериш, мурожаатни текшириш материаллари ва уни кўриб чиқиш натижалари билан танишиш, қўшимча материаллар тақдим этиш ёки бундай материалларни бошқа органлардан талаб қилиб олиш, адвокат ёрдамидан фойдаланиш, мурожаатни ёзма ёхуд электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиш ва бошқа ҳуқуқларга эга.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, энг аввало мурожаатларга оид қонун ҳужжатларини билиш, уларга оғишмай риоя қилиш жамият аъзоларининг ҳуқуқий маданияти белгиларини англатади. Иккинчидан, жисмоний ва юридик шахслар кўтараётган масала қайси органлар ваколатига тегишли эканлигини билиши, мурожаат қандай шакл ва тарзда амалга оширилишини, унинг тартиб-қоидаларини, бу юзадан ҳуқуқ ва ваколатларини, қолаверса, мурожаат қилувчи ва давлат ташкилотига қўйиладиган талаб ва мажбуриятларини билиши ўз навбатида мурожаатларга самарали ечим топишга хизмат қилади.
Шу билан бирга давлат ташкилотлари ва уларнинг мансабдор шахсларида мурожаатларга нисбатан масъулиятни оширади. Зеро, ҳар бир ариза, таклиф ёки шикоятнинг туб мағзида инсон ва фуқаро ҳақ-ҳуқуқлари, унинг ҳимояси, жамият ва давлат алоқаларида ўзаро юксак ишонч ва узвийлик ётади.
Ғ.Сапаев – Хоразм вилоят Минтақавий тадқиқотлар маркази директори ўринбосари