07.10.2020
Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани "Обод" маҳалласида қад ростлаган 20-сонли кўркам ва замонавий янги мактаб биносининг фойдаланишга топширилгани мазкур ҳудудда истиқомат қилаётган фуқаролар учун қувончли воқеа бўлди. Эндиликда уларнинг фарзандлари ортиқ узоқ йўл босиб ёки жамоат транпорти кутиб толиқишмайдиган бўлди.
Жорий йилнинг 7 октябрь куни барча замонавий қулайликларга эга бўлган ушбу илм маскани 330 нафар ўқувчини тантанали равишда ўз бағрига олди.
Очилиш маросимида Тупроққалъа тумани ҳокими Алишер Салаев, туман ҳокимлиги мутасаддилари, вилоят халқ таълими бошқармаси ҳамда туман халқ таълими бўлими ходимлари иштирок этдилар. Сўзга чиққанлар, 1 октябрь – “Ўқитувчи ва мураббийлар куни” муносабати билан давлатимиз раҳбарининг йўллаган байрам табриги мазмун-моҳияти, шунингдек, вилоятимизда таълим-тарбия самарадорлигини ошириш борасида амалга оширилаётган ишлар хусусида алоҳида тўхталдилар. Янги мактабда фаолият бошлаган педагогик жамоани ва ўқувчиларни янги ўқув йили билан табриклаб, уларга омад тиладилар.
Ленталар қирқилиб, мактаб директорига рамзий калит топширилди.
Бу йил мактаб остонасига илк бор қадам қўйган 1-синф ўқувчиларига “Президент совғалари” топширилди.
Шундан сўнг меҳмонлар илм муассасасида яратилган шарт-шароитларни кўздан кечирдилар.