22.06.2022
Диққат, Матндаги исмлар ўзгартирилган
Ҳазорасп туманидаги 3-сон касб-ҳунар мактаби директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари Жавохир ҳисоб-китобни хушлайдиганлар тоифасидан. Ҳар бир ишни пухта ҳисоблаб,ўзаро келишган ҳолда адо этишни, молини насиямас, ҳамиша нақдинага сотишни истайди. Унинг назарида бу дунёда неки бўлса бари,ҳаттоки инсонийлик, меҳр-оқибат намуналари ва хизмат вазифаси асносида кўрсатиладиган беминнат хизмат ҳам пулга чақилмоғи даркор. Касб-ҳунар мактаби директори ўринбосарига тақалган бу сифат ҳавойи ёки беасос эмас. Алқисса, бунинг амалдаги ифодаси 2021 йилнинг сентябрь ойи охирида ҳузурига муҳим “юмуш” билан юкиниб келган фуқаро Шерали билан бўлган муносабатда ҳам кузатилди. Муовин унинг мазкур мактабга ишга жойлашиш ҳақидаги истагини бошқа баъзи “ёшулли”лардан фарқли ўлароқ чайналган ёхуд важ-баҳоналарни қалаштирган куйи рад этмади. Аксинча, ишга бемалол ва ўзга бировнинг монелигисиз жойлашиши мумкинлигини билдирди. Аммо, одатига амал қилди, имо-ишоралар асосида хизмат беминнат эмаслигини уқдирди, шу аснода ”кўки”дан 500 ни сўради. Имо-ишорага йўғрилган мулоқот давом этди ва пировардида “хизмат - беминнат”нинг ҳақи 400 АҚШ доллари миқдорида белгиланди. Директор ўринбосари суҳбатни якунлаётиб, ушбу пулни ўзи учун эмас, мактаб директори Достонга “чўзиш” учун сўраётганини илмоқлаган куйи баён этди .
Ишга талабгор йигит ҳаялламади. 2021 йилнинг 15 октябридаёқ сўралган пулни муҳайё этиб, “ҳожатбарор” муовин Жавохирнинг ҳузурига келди. Пулни унинг қўлига тутқазишга уннади. Афсус.У пулни олмади, лекин рад ҳам этмади. Яна гапнинг лўндасига кўчди. “Тортиқ қилинажак пул”ни қўшниси Хамдамга элтиб беришни сўради. Начора, Шерали бу таклифни ҳам адо этди. Чўнтагига солиб келган пулни ўша куниёқ Хамдамнинг қўлига элтиб топширди. Кейинги мулоқот икковлон қўшни ўртасида давом этди. Шерали тарафидан чўзилган пора ҳозирча Хамдамнинг қўлида қоладиган, Жавохир уни кечқурун олиб кетадиган бўлди.
Жавохир Шералининг “тортиғи”ни қўлга киритишга улгурмади. Пул Хамдамнинг илкига тутқизилгани ҳамоно унинг қошида бир гуруҳ нотаниш кишилар пайдо бўлиб, ҳужжат кўрсатишди,бу пайтга келиб чинакам жабрланувчига дўнган Шералининг аризаси бўйича махсус тадбир ўтказилаётганини билдиришди ва ҳозиргина рўй берган воқеанинг изоҳини сўрашди. Масаланинг моҳиятини аниқлаш жараёни узоққа чўзилмади. Хамдамнинг илкидан санаб олинган 400 АҚШ. доллари миқдоридаги пул аслида касб-ҳунар мактаби директори муовини Жавохирга аталгани маълум бўлди.
Ишлар чаппасига кетди. Директор муовини жиноий жавобгарликка тортилди. Бироқ, гаров пули эвазига ҳибсга рўпарў келмади. Тергов органи унинг айбини Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 1-қисми ва 168-модданинг 3-қисми “в” банди бўйича малакалади.
Жиноят қонунчилиги талабига кўра мансаб ваколати борасида ҳал қилувчи мавқега эга бўлган мансаб эгаларигина пора олувчи шахс сифатида эътироф этилади. Аммо, мавқеидан қатъий назар бу ишга жазм этган,қўл урган ва уни содир қилганларнинг бари пора берувчи сифатида эътироф қилиниши мумкин. Жавохирнинг қилмиши айнан шу асосда баҳоланди. Унинг Шерали томонидан Хамдамга қолдириб кетилган пулни ўзга шахсга бериш борасидаги қилмиши тугалланмаган ножўя ҳаракат сифатида мамлакат Жиноят кодексининг 28,211-моддаси 1-қисмига асосан малакаланди. Суд бу ҳолни қилмишга берилган тўғри баҳо сифатида эътироф этди. Аммо, кодекснинг 168-моддаси 3-қисми “в” банди бўйича қўйилган айб тасдиқланмади. Мазкур модда тугалланган,охиригача адо этилган жиноий ҳатти-ҳаракатларга нисбатан тадбиқ этилади. Жавохир эса ўзи жазм этган жиноий кирдикорни охиригача адо эта олмаган. Ўзи сўраган пулни қўлга кирита олмаган. Уни жабрланувчи шахснинг муаян сўровини бажо келтириши мумкин бўлган мансаб эгасига пора тариқасида бериш учун ундан талаб қилган.
Республика Олий суди Пленумининг “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида” 2017 йил 11 октябрда қабул қилган Қарорида уқдирилишича, қимматликларни эгаллаш мақсадида уларнинг эгаси айбдор томонидан пора беришга далолат этилган бўлса, унинг ҳаракатларини фирибгарликдан ташқари пора беришга далолат этиш сифатида қўшимча малакалаш лозим. Айбланувчининг қилмиши айнан шу хилдаги жиноий ҳаракат амалга ошгани, жабрланувчини пора беришга қизиқтириш,уни шу йўлга ундаш, далолат этиш ҳолати юз бергани яъни Жиноят кодексининг 28, 211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиддий қонунбузарлик содир қилинганидан дарак беради. Суд ушбу ҳолат айбланувчига нисбатан тўғри тадбиқ этилганини қайд қилди. Лекин, ҳали эслатилганидек,фирибгарлик ҳаракати бўйича тақалган айбни маъқуллашнинг иложи йўқ. Негаки, жиноий қилмиш судланувчига боғлиқ бўлмаган сабабга кўра охиригача адо этилмаган. Шу боисдан ҳам бу қабилдаги ҳаракатни тугалланган қилмишга йўйиб бўлмайди. Кодекснинг ушбу хил қилмишларга оид 168-моддаси 3-қисми “в” бандида кўзда тутилган жавобгарлик эса Республика Олий Суди Пленумининг ҳали қайд қилинган 35-сонли қарори 21-бандига мувофиқ, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда фақат алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулки ёки унга бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш мақсадида ўз хизмат ваколатлари доирасига кирмайдиган ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) амалга оширилган ҳоллардагина вужудга келади. Жавохирнинг қилмишида бундай аломатлар йўқ. Жиноий қилмиш ҳали баён этилганидек, ўзганинг мулкини кўп (жуда кўп) миқдорда эгаллашга қаратилган, бироқ айбдорга боғлиқ бўлмаган ҳолатларга кўра охирига етказилмаган. Юқорида зикр этилган Пленум қарорида бу сингари қилмишларни талон-торож қилинган мулк қийматидан қатъий назар, қасд йўналтирилганлигидан келиб чиққан ҳолда, кўп (жуда кўп) миқдордаги фирибгарликка суиқасд сифатида баҳолаш зарурлиги тушунтирилган. Ушбу раҳбарий кўрсатма фирибгарликка суиқасд сифатида Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 1-қисмига асосан қайта малакаланмоғи лозим.
Суд мажлисида айбланувчи мақомида кўрсатма беган Жавохир айбидан тонмади. Мактаб директорининг ўринбосари вазифасида ишдан бўшатилганига қадар ўтган атиги бир йил: 2020 йилнинг октябрь ойидан буён фаолият кўрсатганини баён этди. Қилмишидан пушаймон эканлигини айтди. Шерали томонидан берилган пулни ўзга шахсга “холис хизмати” эвазига инъом этиш учун эмас, балки ўз эҳтиёжини қоплаш ниятида ҳаракат қилганини билдирди.
Айбнинг тан олиниши шахснинг ўз қилмишидан пушаймонлиги билан бирга маънан ва ахлоқан тузалиш йўлига кирганидан ҳам далолат беради. Пок ва соғлом фикрни жисмига жо этганлар эса муруваат,жумладан қонун мурувватига ҳам сазовор бўладилар. Муқаррар жазони енгиллатишнинг бундай йўриғи унинг устидан ўтказилган суд муҳокамаси якунида йўлга кўндаланг чиқди. Айбланувчининг қилмишига иқрорлиги, пушаймонлиги, оилавий шароити, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланиб келгани, моддий аҳволи, етказилган зарар бартараф этилгани, муқаддам судланмагани жазони енгиллатувчи омилга айланди. Қонунга кўра бундай ҳолат судланувчини озодликдан маҳрум этиш ёки уни чеклашни эмас, балки жарима жазосини тақозо қилади. Қилмишнинг жиддийлиги эса муаян ҳуқуқни чеклашга доир таъсирий чоранинг ишга солинишини кўзда тутади.
Чиқарилган ҳукмда буларнинг бари ўз аксини топди. Жиноят кодексининг 25,168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисми бўйича айбланган Жавохир мазкур ҳужжатнинг 45-моддасига асосан 1 йил муддатга давлат иштирокидаги корхона ва ташкилотларда моддий жавобгар шахс ҳамда мансабдорлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, жазоларни қисман қўши йўли билан базавий хисоблашнинг 52 баравари миқдоридаги жаримага тортилди.
“Сиздан угина, биздан бугина” ибораси аксар ҳолларда тилга салбий маънода кўчади. Бу иборани тилдан қочириш ёхуд ҳазил-мутойиба ўрнида қўллаш балким,салбий оқибатларга етакламас. Аммо, уни амалда қўлашнинг оқибати оғир. Шу янглиғ қарашларга асосланган ножўя ҳаракат кишини рўшноликка етакламайди. Аксинча, қилмишнинг қидирмиши томон элтади. Ва буни жиноий манфаат асосида иш тутишни ният қилганлар, кўнглига ғаразли мақсадни жо этганлар, хусусан маҳкум Жавохир тоифасидагилар ҳам назарда тутишса, тузалиш ва покланиш йўлини ихтиёр этишса айни муддао бўларди.
Илҳом Исмоилов, Жиноят ишлари бўйича
Тупроққалъа туман суди раиси.