25.01.2023
“Facebook” ижтимоий тармоғида фойдаланувчи Э.Сапаровнинг “Суд қарорлари ижроси нега таъминланмаяпти? "Исмоилжон Ибрагимов" фермер хўжалиги ва "Шарифа Саъдулла" фермер хўжаликларини ва Машарипова Гулсарани кимлар ҳимоя қилиб, экин ерларини ўз ҳолига келтирилишига тўсқинлик қилмоқда?” сарлавҳаси остида йўллаган мурожаати Бюронинг Хоразм вилояти бошқармаси томонидан ўрганилди.
Аниқланишича, Боғот туманлараро иқтисодий судининг 15.11.2022 йилдаги қарздор “Шарифа Саъдулла” фермер хўжалиги томонидан Тупроққалъа тумани, “Саидлар” ҳудуди қишлоқ хўжалиги харитасининг 467-қ контурида жойлашган лойиҳа ҳужжатлари ва тегишли ташкилотларнинг рухсатисиз 30,0 кв.метр ер майдонидан олдиндан фойдаланиб келаётган дала шийпони биносини ўз ҳисобидан бузиш ва ер майдонини олдинги ҳолатига келтириш тўғрисидаги ҳамда қарздор “Исмоилжон Ибрагимов” фермер хўжалиги томонидан Тупроққалъа тумани, “Саидлар” ҳудуди қишлоқ хўжалиги харитасининг 543-контурида жойлашган лойиҳа ҳужжатлари ва тегишли ташкилотларнинг рухсатисиз 1.100,0 кв.метр ер майдонидан олдиндан фойдаланиб келаётган дала шийпони ва молхона биносини ўз ҳисобидан бузиш ва ер майдонини олдинги ҳолатига келтириш тўғрисидаги ижро ҳужжатлари Бюронинг Тупроққалъа тумани бўлими иш юритувига 19.12.2022 йилда келиб тушган ва ижро ҳаракатларига киришилган.
Ижро ҳаракатлари давомида 29.12.2022 йилда қарздор “Шарифа Саъдулла” фермер хўжалиги томонидан ижро ҳужжатидаги ноқонуний қурилма ихтиёрий равишда тўлиқ бартараф этилганлиги сабабли, мазкур ижро ҳужжати Ўзбекистон Республикасининг “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонунининг (кейинги ўринларда Қонун деб аталади) 41-моддаси 1-қисмига асосан тамомланган.
Шунингдек, ижро ҳаракатлари давомида “Исмоилжон Ибрагимов” фермер хўжалиги томонидан 21.12.2022 йилда Хоразм вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича апелляция судлов ҳайъатига мазкур суд ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраб, апелляция тартибида шикоят хати киритган ва Хоразм вилоят судининг 26.12.2022 йилдаги ажримига асосан ижро ҳаракатлари Қонуннинг 35-моддаси 2-қисми 1-бандига асосан вақтинчалик тўхтатилган.
Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича Боғот туманлараро судининг 16.09.2022 йилдаги ижро варақасига асосан жавобгар Г.Машарипова томонидан Тупроққалъа тумани, “Питнак” қишлоғи қишлоқ хўжалик ер харитасининг 888-қисм контурида 54 балл банитетли, 0,025 гектар ер майдонида ўзбошимчалик билан қурилган қурилмани жавобгар ҳисобидан бузиб ташлаш ва ер майдонини олдинги ҳолатга келтириш тўғрисидаги ижро ҳужжати Тупроққалъа тумани бўлими иш юритувига 12.10.2022 йилда келиб тушган ва ижро иши қўзғатилиб, қарздорга ушбу суд қарорида кўрсатилган мажбуриятни бажариши юзасидан ихтиёрий муддат берилган.
Бироқ, қарздор томонидан мазкур ижро ҳужжати ижроси ихтиёрий равишда таъминланмаганлиги сабабли, қарздорга 23.01.2023 йилда огоҳлантириш хати берилган ҳамда ижрони таъминлаш мақсадида, Қонуннинг 21, 87-моддаларига асосан тегишли ташкилотлар ходимлари иштирокида мажбурий ижро ҳаракатлари жорий йилнинг 25 январь кунига тайинланган.