10.03.2021
Мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда. 2020 йил 29 июнда Президентимизнинг ПФ-6013-сонли Фармони ва ПҚ-4761-сонли Қарорига асосан коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида махсус ваколатли давлат органи сифатида Коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил қилиниши бу борада мухим қадам бўлди.
Идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаб ва шароитларни йўқ қилиш давлат органлари ва ташкилот раҳбарларининг муҳим вазифаси ҳисобланади. Давлат хизматлари агентлиги давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган тизимли, изчил ва амалий саъй-ҳаракатлари учун Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими бўйича ISO 37001:2016 халқаро стандарт сертификатини қўлга киритди.
Давлат хизматлари агентлиги тизимининг иш фаолиятига коррупцияга қарши курашиш бўйича дунёдаги етакчи давлатларнинг илғор тажрибаси ва амалиёти изчил жорий қилиб келинмоқда. Агентликда манфаатлар тўқнашувини бошқариш тартиби йўлга қўйилгани, кадрларни танлаш, ишга қабул қилиш, лавозимга тайинлаш, аттестациядан ўтказишнинг мутлақо шаффоф тизими ўрнатилган. ФҲДЁ органлари 2020 йилнинг 1 апрелидан Давлат хизматлари агентлиги тизимига ўтказилиши муносабати билан ФҲДЁ органларининг жами 473 нафар ходими навбатдан ташқари аттестациядан ўтказилди. Шу билан бирга тизимда коррупция хавфлари, ходимларнинг ўз ваколатини суиистеъмол қилиши ёки ҳаракатсизлигини аниқлаш мақсадида мунтазам равишда “Сирли мижоз” тадбирлари амалга оширилмоқда. ФҲДЁ бўлимларида амалга ошириладиган ҳар бир ҳаракат учун тўлов миқдорлари тўғрисида маълумотларнинг мавжудлиги, аниқлик ва шаффофликнинг таъминланганлиги, тўловлар биллинг тизими орқали амалга оширилиб, тўловлар ҳақида смс-хабар юборилиши аҳолининг тизимга бўлган ишончини мустаҳкамлади. Шунингдек, коррупцияга оид ҳар қандай маълумотни расмий веб сайт, 1148 ишонч телефони, ижтимоий тармоқлар ва электрон почталар орқали қабул қилиш ва кўриб чиқиш тизими йўлга қўйилган.
Тупроққалъа туман ФҲДЁ бўлими мудираси Л.Худаярова