20.10.2020
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2020 йил 18 февралдаги ПФ-5938-сон Фармони ижроси юзасидан, шунингдек давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини янада самарали ташкил этиш мақсадида 2020 йил 26 август куни Вазирлар Маҳкамасининг “Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органлари фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги давлат хизматлари агентлиги тизимида самарали ташкил этиш чора-тадбирлари” тўғрисида 514-сон қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра ФҲДЁ бўлимлари Агентлик тизимига ўтиши муносабати билан уларнинг ходимларини аттестациядан ўтказилиш белгиланди. ФҲДЁ архивларида архивариус лавозими тугатилиб, 1 ва 2-тоифали инспектор лавозимлари жорий этилди ва ФҲДЁ органлари ходимлари меҳнатга ҳақ тўлаш ва моддий рағбатлантириш шартлари бўйича Агентликнинг ҳудудий бошқармалари бўлимлари ходимларига тенглаштирилди.
Мазкур қарор асосида ҳукуматнинг айрим ҳужжатларига ўзгартириш киритилди. Яъни, 16 ёшдан ошган болага нисбатан тиббиёт муассасаси томонидан расмийлаштирилган туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома мавжуд бўлса, унинг туғилиши ота-онаси ёки улардан бирининг ва вояга етган боланинг аризасига кўра қайд этилши белгиланди. Аввалги қонунчиликка кўра 16 ёшдан ошган, туғилиши қайд қилинмаган шахсларнинг туғилишини қайд қилиш фақат суднинг хал қилув қарори асосида амалга оширилган.
Илгари 16 ёшга тўлмаган шахсларнинг туғилганлик ҳақидаги далолатнома ёзувига ўзгартириш киритиш ота-онасининг аризасига кўра амалга оширилган бўлса, энди бу ўзгартириш ота-онасининг ёки қонуний вакилининг аризасига кўра амалга оширилиши мумкин бўлди.
Шунингдек, ушбу қарор асосида никоҳланувчилар фамилияларининг қўшилиши орқали ҳосил бўлган фамилияни умумий фамилия сифатида танлаш ҳуқуқига эга бўлишди.
Мазкур қарор ФҲДЁ бўлими ходимларининг ўз вазифаларини янада сидқидилдан бажаришларига туртки бўлди. Шунингдек қарор асосида ҳукуматнинг айрим ҳужжатларига киритилган ўзгартиришлар фуқароларга ФҲДЁ соҳасидаги мурожаатлари юзасидан қулайлик яратди.
ФҲДЁ ҳақида маълумот
ФҲДЁ бўлими – фуқаролар ҳаётидаги мухим воқеа ва фактларни қайд этиш ваколатига эга бўлган давлат органи ҳисобланиб, фуқароларнинг асосий бўлган фуқаролик ҳолатларини, яъни туғилганлик, никоҳ тузилганлиги, никоҳдан ажралганлик ва ўлим ҳолатини қайд қилади. Фуқаролик ҳолати шахснинг ҳуқуқий мақомини белгилайди. Фуқаролик ҳолати деганда фуқаронинг ҳуқуқ лаёқати, фуқаролиги, унга маълум фамилия, исм ва ота исмининг тегишлилиги, унинг оилавий аҳволи (турмуш қурган, буйдоқ, бева ёки тул, ажрашган) тушунилади. Фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари фуқаронинг шаҳсий хаётидаги ва унинг жамиятдаги ҳуқуқий ҳолатини белгилаш, унинг фуқаролик ва оилавий ҳуқуқий муносабатлар субъекти сифатида тан олиниши учун қайд қилинади. Шунингдек, демографик масалаларни самарали ҳал этишда ҳам ФҲДЁ органларининг фаолияти натижалари муҳим ўрин тутади.
Президентимизнинг 2020 йил 18 февралдаги “Жамиятда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, маҳалла институтини янада қўллаб-қувватлаш ҳамда оила ва хотин-қизлар билан ишлаш тизимини янги даражага олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5938-сон Фармоннинг 23-бандига кўра 2020 йил 1 апрелдан бошлаб ФҲДЁ органлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги тасарруфига ўтказилди.
Хозирги пайтда ФҲДЁ бўлимлари архивида сақланаётган фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувларини рақамлаштириш жараёни кетяпти. Республика ФҲДЁ архивларида 60 млндан ортиқ фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари мавжуд бўлиб, шу йил якунига қадар рақамлаштириш жараёнини якунлаш режалаштирилган. Рақамлаштириш натижасида фуқароларга экстерриториал тамойили (қаерда рўйҳатда бўлишидан қатъий назар) асосида архив хизматларини тақдим этиш имконияти вужудга келади. ФҲДЁ органлари ва бошқа бир қатор давлат идоралари билан электрон интеграциянинг йўлга қўйилиши эса фуқароларга ортиқча оворагарчиликсиз тез ва сифатли хизмат кўрсатиш имкониятини беряпти. Шунингдек, гербли бланкалар лотин ёзувидаги босма харфлар билан махсус принтерларда чоп этилмоқда. Бу эса қўлда ёзилган хуснихатлардаги англашилмовчиликларнинг олдини олади албатта. Яъни, гувоҳнома асосида бошқа ҳужжатлар шаклланаётган пайтда тушунмасдан харфларни (“а-о” ва ҳ.к ) ўзгартириб ёзиш ҳолатлари бўлган.
Никоҳланувчи шахслар учун my.gov.uz партали орқали никоҳга кириш ҳақида электрон ариза юбориш имкониятининг яратилиши пандемия шароитида фуқароларга қулайлик яратди.
Тупроққалъа туман ФҲДЁ
бўлими мудираси: Л.Худаярова