Терроризм – жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш, аҳоли кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотишга қаратилган сиёсий курашнинг ўзига хос усулидир. У яширин (конспиратив) руҳдаги ташкилотлар томонидан беқарорлик келтириб чиқариш орқали ҳокимиятни эгаллаш мақсадида амалга оширилади. Террорчи гуруҳлар жамиятда аҳолининг кенг қатлами номидан ҳаракат қилаётгандек таассурот уйғотиш мақсадида диний шиорлардан ниқоб сифатида фойдаланадилар.
Терроризмнинг энг асосий хусусиятларидан бири ушбу ҳаракат тарафдорларининг “Куч ишлатиш ва зўравонлик давлатни қулатувчи ва ҳокимиятга эришишни осонлаштирувчи парокандаликка олиб келади”, деган ғояга асосланиб ҳаракат қилишларидир. Терроризмнинг яна бир хусусияти ҳеч қандай уруш бўлмаётган, демократик институтлар фаолият кўрсатаётган, тинчлик ҳукмрон жамият шароитида муқобил усулларни атайин инкор этган ҳолда, сиёсий масалаларни зўрлик йўли билан ҳал қилишга интилишда кўринади.
Ўзбекистон мустақиликка эришгач, мазкур ҳудуд турли манфаатдор кучларнинг нишонига айланди. Сиёсий мақсадларни дин ниқоби остида амалга оширишга интилувчи диний-экстремистик ва террорчилик гуруҳлари минтақага суқилиб киришга ҳаракат қилдилар. Диний экстремизм ва терроризмга қарши курашиш учун мустаҳкам асосга эҳтиёж сезилди. 2000 йил 15 декабрда Ўзбекистон Республикасининг “Терроризмга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши давлатимиз суверенитети ва халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиётига катта таҳдид солувчи терроризмга қарши кураш борасида катта қадам бўлди.
Терроризм (лотинча “қўрқитиш”, “ваҳимага солиш”) – аҳолининг кенг қатламларида ваҳима ва қўрқув уйғотиш, жамиятда беқарорлик келтириб чиқариш орқали давлат ҳокимиятини эгаллаш мақсадига қаратилган жиноий фаолиятдир. Ҳозирги даврда у глобал миқёс касб этиб, халқаро терроризм шаклини олди. Бундай шаклда у халқаро ижтимоий-сиёсий акс-садо берадиган қўпорувчилик сифатида намоён бўлмоқда.
Диний экстремизм – жамият учун анъанавий бўлган диний қадриятлар ва ақидаларни рад этиш, уларга зид бўлган ғояларни алдов ва зўрлик билан тарғиб қилишга асосланган назария ва амалиётни англатади.
Экстремизм ва терроризм бир-бири билан боғлиқ бўлган ягона жараённинг бирин-кетин ривожланадиган босқичларидир.
Диний-экстремизм келиб чиқишининг биринчи ва асосийси сабаби мутаассиб фикр ва қарашларнинг пайдо бўлишидир. Мутаассиблик муайян ғояларнинг тўғри эканига қаттиқ ишониш, уларга муккасидан кетиш, “ўзгалар” ва “ўзгача” қараш ва ғояларга муросасиз муносабатда бўлиш, бошқа фирқа ва мазҳабларни бутунлай рад этган ҳолда, уларни тан олмасликда намоён бўлади. Мутаассиблик барча даврларда турли дин ва йўналишлар орасида кескин низо ва тўқнашувлар келиб чиқишига сабаб бўлган.
Айни пайтда, дунёвий ва диний билимларнинг саёзлиги, соф диний тушунчаларнинг асл мазмунини билмаслик ҳам диний экстремистик ғояларнинг тарқалишига сабаб бўлиши мумкин.
Юқорида қайд этилганидек, диний экстремистик ташкилотларнинг аксарияти ўз номини муқаддас ислом дини билан боғлашга уринади. Улар ўзларини “нажот топган гуруҳ”, қолган мусулмонларни эса кофир деб ҳисоблайдилар.
“Ислом” сўзининг луғавий маъноларидан бири “тинчлик” бўлиб, у ҳеч қачон бузғунчиликка, қотилликка ундамаган ва ундамайди ҳам. Замонавий террорчилар эса бузғунчилик ва қотиллик, одамларни даҳшатга солишни ўзларининг маслакларига айлантириб олганлар.
Қуръони каримда бегуноҳ одамларнинг жонига қасд қилиш қораланади. Жумладан, “Нисо” сурасининг 93-оятида бундай марҳамат қилинади: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”.
Ҳадисларда ҳам бу борада кўплаб хабарлар келган. Жумладан, Имом Термизий ривоят қилган ҳадисда бундай дейилади: “Расулуллоҳ (с.а.в.): “Аллоҳ таолонинг наздида бир мусулмон кишининг ноҳақ қатл этилишидан кўра, ёруғ дунёнинг барбод бўлиб кетиши енгилроқдир”, дедилар”.
Ҳозирда дунёда кўплаб экстремистик ва террорчи ташкилотлар мавжуд бўлиб, афсуски, уларнинг муайян қисми ислом дини ниқоби остида фаолият юритади. Улар қаторида “ал-Қоида”, “Ҳизбут-таҳрир ал-исломий” (Озодлик исломий партияси), “ал-Жиҳод”, “ат-Такфир вал-ҳижра” (Такфир ва хижрат), “Туркистон ислом ҳаракати”, “Исломий жиҳод иттиҳоди” (Исломий жиҳод уюшмаси), “Катибатул Имам ал-Бухари” (Имом Бухорий батальони), “Жамоат Ансоруллоҳ” (Аллоҳнинг ёрдамчилари жамоаси), “Жабҳатун-нусра” (Ғалаба фронти) ва “Ислом давлати” каби ташкилотларни санаш мумкин.
Дарҳақиқат, ҳозирги кунга келиб диний-экстремистик ташкилотлар кенг тармоқли тизимга айланиб улгурди. Бу чуқур ўйланган стратегиянинг бир қисмидир.
Аввало, барча экстремистик ташкилотлар бир тадқиқот маркази, таъбир жоиз бўлса, “ғоявий лаборатория”лар маҳсули эканини алоҳида қайд этишимиз лозим. Шу ўринда, диний-экстремистик оқимларни бажарадиган функцияларига кўра шартли равишда 3 гуруҳга бўлишимиз мумкин.
Биринчи гуруҳга кирувчи ташкилотларнинг асосий вазифаси одамларни гўёки “исломлаштириш”, “тақвога чақириш”дан иборат. Бундай гуруҳлар қаторига “Таблиғчилар” ҳаракатини киритиш мумкин.
Иккинчи гуруҳ ташкилотлари эса аҳолига мутаассиблик ғояларини сингдириш, улардан муайян ғоя ва раҳнамога оғишмай, сўзсиз эргашадиган “кадр”ларни тайёрлаш билан шуғулланади. Бундай гуруҳлар қаторига “Ҳизбут-таҳрир” каби диний-экстремистик ташкилотларни киритиш мумкин.
Учинчи гуруҳга мансуб ҳаракатлар эса ҳеч қандай асоссиз мусулмон диёрларни “куфр диёри” деб эълон қилиб, у ердагиларни “ҳижрат” қилишга ундаш орқали турли низо ва фитна ўчоқларига жалб қилиш, қўлга қурол олиб тинч аҳоли вакиллари ва бошқа дин вакилларини қириш орқали минтақада уруш оловини ёқиш, жиҳод тушунчасини нотўғри талқин қилиш орқали ёшларни қотилликлар қилишга чорлаш билан шуғулланадилар. Бу гуруҳга барча террорчи ташкилотларни киритишимиз мумкин.
Охирги пайтларда дунёнинг кўплаб минтақаларини қамраб олган терроризм ва экстремизм билан боғлиқ муаммолар фаол муҳокама қилинмоқда. Терроризм ва диний-экстремизмга қарши кураш Марказий Осиё минтақаси, хусусан, Ўзбекистон учун ҳам долзарб масалалардан бири ҳисобланади.
Бугунги кунда диний-экстремистик, террористик гуруҳлар фаолиятида муҳим ўзгаришлар кузатилмоқда. Ўзбекистон ва бошқа давлатларда диний-экстремистик, террористик ҳаракатларга нисбатан олиб борилаётган муросасиз ёндашув натижасида гуруҳ аъзолари ўз ҳаракатларини очиқ намоён этишни маъқул кўрмай, аксинча, хуфёна тарғибот-ташвиқот ишлари орқали, жумладан интернет орқали ўз ғояларини тарқатиш билан фаолиятларини жадаллаштиришмоқдалар.
Ғоявий жиҳатдан миллий манфаатларга зид бўлган диний мазмундаги маҳсулотларни республика ҳудудига олиб кириш ва тарқатишга уриниш ҳолатлари Ўзбекистонда ҳам кузатилмоқда. Бу каби экстремистик руҳдаги маҳсулотларни интернет ва бошқа йўллар орқали тарқатилиши аҳоли томонидан диннинг нотуғри талқин этилишига, кам маълумотга эга ўқувчилар маънавий онгининг бузилишига, турли эътиқод ва қарашларга эга бўлган одамлар, хусусан ёшлар орасида адоват ва хусумат уйғонишига замин яратмоқда. Шу билан бирга, бундай фаолиятлар ҳукуматга қарши йўналтирилган ва Ўзбекистон Республикаси миллий хавфсизлигига муайян тарзда таҳдид солишни мақсад қилган.
20 аср охирларигача диний-экстремизм ва ақидапарастликни тарқатиш ва аҳоли орасида ёйишнинг асосий қуроллари бўлиб турли адабиёт ва нашрлар хизмат қилган бўлса, замонавий технология воситалари ривожланган ҳозирги даврда оммавий ахборот воситалари, айниқса интернет тармоғи диний экстремистик ва ақидапарастлик ғояларини тарқатишнинг энг оптимал ва қулай манбаига айланди.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳозирда турли гуруҳ ва оқимлар томонидан диний экстремизм ва ақидапарастликни тарғиб қилишда, жамиятда норозилик кайфиятини тарқатишда ижтимоий тармоқлардан кенг фойдаланилмоқда. Интернет орқали суҳбат олиб бориш жараёнида ёшларга “куфр диёри”, “ҳижрат”, “жиҳод”, “шаҳидлик”, “халифаликни тиклаш” каби ғоялар сингдирилиб, улар турли тўқнушув ва низо ўчоқларига жалб қилинмоқда. Турли кучларнинг ноғорасига ўйнаётган диний-экстремистик ва террорчи оқимлар томонидан у ерларда амалиётни ўтаб келган ақидапараст, дийдаси қотган, мустақил фикрлашдан маҳрум, раҳнамоларининг ҳар қандай буйруқларини қонун деб билувчи зомби-жангарилардан тинч минтақаларда ҳам турли низолар ва беқарорликларни келтириб чиқаришда фойдаланиш мақсади бугун кўпчиликка аён ҳақиқатдир.
Интернет тармоғининг чегара билмаслиги, сунъий йўлдош орқали эфирга узатиладиган фазовий каналларга тўсиқ қўйишнинг иложи йўқлигини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳозирги кунда бу каби бузғунчи ғоялардан аҳолини, хусусан ёшларни асраш учун уларда бу каби ёт ғояларга қарши маънавий иммунитетни ҳосил қилиш, интернет ва ОАВ орқали мазкур гуруҳларга асосли раддиялар бериш, соф диний таълимотларни ёшларга етказиш, уларни халқпарварлик, ватанпарварлик, миллий ва диний қадриятларга садоқат руҳида тарбиялаш муҳим аҳамиятга эга эканлиги яққол намоён бўлади.
Турли бузғунчи оқимларнинг домига илиниб қолмаслик учун ёшларимиз қуйидагиларга эътибор қаратишлари лозим:
- диний-экстремистик руҳдаги сайтларга кирмаслик. Бундай сайтларнинг аломатлари: жойлаштирилган материалларда “ҳижрат” ва “жиҳод”га даъват қилиш, дунёвий ҳукумат ва тузумларни кофирликда айблаш, давлат мустақиллиги, Янги йил, Наврўз, 8-март каби байрамларни, туғилган кунни нишонлашни ҳаром деб эълон қилиш, Афғонистон, Покистон, Ироқ, Сурия каби мамлакатлардаги жангариларни мадҳ этиш. Шунингдек, Муҳаммад ибн Абдулваҳҳоб, Ибн Таймия, Носириддин Албоний, Саййид Қутб, Айман аз-Завоҳирий, Усома бин Лодин, Абдували қори, Обид қори, Рафиқ қори, Рашод қори каби ақидапараст шахсларнинг китоблари, фатволари, аудиомурожатлари, савол-жавоб шаклидаги маърузалари мавжудлиги;
- ижтимоий тармоқлар, турли форумларда диний мавзуда илмоқли, нозик саволлар бериб суҳбатга чорлаётган шахслар билан мулоқотдан тийилиш, дунёвий жамиятни танқид қилиб, мутаасибона диний турмуш тарзини даъват қилаётган шахслар билан умуман алоқа қилмаслик;
- электрон почта орқали номаълум шахслардан келган диний мазмундаги даъват ва танишув ҳақидаги таклифларга жавоб бермаслик, юборилган электрон материалларни юклаб олмаслик;
- мобил телефонларга билиб-билмай мутассиблик руҳидаги нашидалар (қўшиқлар), маърузалар, суратлар, видеороликлар юклаб олмаслик ва тарқатмасик.
Бу ҳолат аксарият ҳолларда мактаб, коллеж ўқувчилари ва институт талабалари орасида кузатилади. Мутаассиблик ва ақидапарастлик руҳидаги маълумотларни билиб-билмай юклаб олиш, сақлаш ёки уни бошқа шахсларга тарқатиш эса Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 1842-моддасига мувофиқ, шунингдек Жиноят Кодексининг 2441-моддасига кўра “Диний-экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, қирғин солишга ёки фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга даъват этадиган ёхуд аҳоли орасида ваҳима чиқаришга қаратилган материалларни тайёрлаш ёки уларни тарқатиш мақсадида сақлаш, шунингдек, диний-экстремистик, террорчилик ташкилотларининг атрибутларини ёки рамзий белгиларини тарқатиш ёхуд намойиш этиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш” энг кам иш ҳақининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки олти ойгача қамоқ ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгилаб қўйилган;
- эҳтиёж туғилган диний мавзудаги маълумотларни фақат “uz” доменида расмий фаолият олиб бораётган давлат ва диний ташкилотлар сайтларидан олиш.
Юртимизда тинчлик, фаровонлик ва миллатлараро ўзаро тотувлик ҳукм сурмоқда. Бу бебаҳо неъматларнинг қадрига етиш барчамизнинг бурчимиздир. Бу тинчлик, тараққиёт ва фаровонлик ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ, албатта. Бу, авваламбор, Аллоҳ таолонинг бизга раво кўрган чексиз инояти бўлса, иккинчидан, ҳукуматимиз томонидан виждон эркинлиги ва диний бағрикенгликни таъминлашда олиб борилаётган оқилона сиёсат натижасидир.
Юқоридаги мулоҳаза ва далиллар, диний-экстремизм ва терроризмнинг нафақат умумэътироф этилган замонавий қонунлар, балки ислом дини асосларига ҳам зид эканини кўрсатади.
Шундай экан, диний-экстремизм ва терроризмга қарши курашда барчамиз ўз масъулиятимизни ҳис этишимиз, огоҳ бўлишимиз, ватанимизнинг келажаги учун жавобгар эканимизни унутмаслигимиз лозим.
С.Шарипов – Ўз.Р. Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги
Дин ишлари бўйича қўмита
Конфессиялар билан ишлаш ва экспертиза бўлими бошлиғи