07.04.2022
Ассалому алайкум, муҳтарама онахонлар! Ҳурматли опа-сингиллар! Мунис ва лобар қизларим!
Она табиат чирой очиб, атроф-муҳит яшил либосга бурканиб, баҳор нашидаси тобора кучайиб бораётган айни шу фусункор айёмда сиз, азизларимни, сизларнинг тимсолингизда бутун туманимиз аёлларини 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Мана шу байрам кунларида биз – юртимизнинг кексаю ёш барча-барча эркак зоти, мард ўғлонлари ҳақиқатан ҳам Яратганнинг мўъжизаси бўлмиш аёл сиймоси олдида, авваламбор, меҳрибон оналаримиз олдида бош эгиб, таъзим бажо келтирамиз.
Умр йўлларимизда қандай оғир синов ва машаққатлар дуч келмасин, уларни енгиб ўтишда руҳимизни кўтариб, кучимизга – куч, ғайратимизга – ғайрат қўшадиган инсонлар ҳам, ҳеч шубҳасиз, дунёдаги энг мўътабар зотлар, қалби дарё аёлларимиздир.
Бу дунёда ширин ва аҳил, бахтли ҳаёт учун пойдевор яратиб, инсонни инсон, оилани мустаҳкам оила қиладиган, биз учун севги-муҳаббат, вафо ва садоқат тимсоли бўлиб келаётган сиз, гўзал ва бетакрор, қадрдон аёлларимиз, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар, хусусан, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, боқувчисиз қолган, кўп фарзандли аёлларни уй-жой билан таъминлаш масаласи узоқ йиллардан бери илк бора давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди. Бунинг натижасида 2021 йилда 11997 нафар хотин-қизлар билан мулоқотлар ўтказилган ва унинг якунлари бўйича “Аёллар дафтари”га киритилган
3 655 нафар хотин-қизларга амалий ёрдам берилди. Жумладан:
1166 нафар ишсиз хотин-қизларнинг бандлиги таъминланди;
587 нафар ишсиз хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилди;
202 нафар ишсиз хотин-қизларга кредит бериш орқали тадбиркорликка жалб этилди;
70 нафар ишсиз хотин-қизларга томорқасидан даромад манбаи сифатида фойдаланиш учун кўмаклашилди;
437 нафар боқувчисини йўқотган ҳамда ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган, шунингдек, қарамоғида бир
ва ундан ортиқ I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз хотин-қизларга моддий ёрдамлар берилиб, 20 нафар I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизларнинг уй-жойи таъмирланди;
9 нафар нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизлар уй-жой билан таъминланди ва ижара компенсацияси тўлаб берилди;
473 нафар эҳтиёжманд хотин-қизларга тиббий ёрдам, 290 нафар хотин-қизларга ҳуқуқий ёрдам, 401 нафар хотин-қизларга психологик ёрдам берилди.
Туманимизмизнинг дилбар, фидойи ва меҳрибон хотин-қизлари ҳар жабҳада илғор, ташаббускор, ибратлидир.
Биз бугун ўзининг фидокорона меҳнати, эришган улкан ютуқлари, давлат ва жамоат ишларидаги фаол иштироки, ибратли фазилатлари билан халқимиз ўртасида обрў-эътибор қозонган кўплаб опа-сингилларимизнинг номларини ҳурмат билан тилга оламиз.
Уларнинг меҳнатлари Муҳтарам Юртбошимиз Шавкат Миромонивич Мирзиёев томонидан инобатга олиниб, 2021 йилда давлатимизнинг юксак даражадаги ордер ва кўкрак нишонлари балан тақдирландилар.
Хусусан, туман тиббиёт бирлашмаси кўптармоқли марказий поликлиникаси оила шифокори Ботирова Гуламдон Шокировна 2-даражали “Соғлом авлод учун” ордени билан, “Шукуржон бухгалтер” фермер хўжалиги раҳбари Шукуржон Ахмедова, “Маржона Сабо” масъулияти чекланган жамият раҳбари Жуманиёзова Роҳат Эшимовна ҳамда 6-сонли ИДУМ она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Нурмонова Мунавваралар “Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 30 йиллиги” кўкрак нишони билан, нафақадаги устоз Назира Ҳайитбоева “Мўътабар аёл” кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Ана шундай ҳурматли аёлларимизнинг борлиги халқимизга янада фахр бағишлайди.
Мунис онажонлар, меҳрибон опа-сингиллар!
Оилаларимизни, жамиятимизни файзу барака билан нурафшон этиб келаётган Сиз латофатли аёлларни 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни билан яна бир бор муборакбод этиб, қалбимдаги энг эзгу ниятларни тилайман.
Гўзаллик ва нафосат айёми қутлуғ бўлсин!
Оилангиздан тотувлик, бахт, қут-барака аримасин!
Эл ичра эъзозли, қадрли бўлиб юринг!