20.05.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 19 май куни тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди.
Тадбир аввалида давлатимиз раҳбари коронавирус инфекциясига қарши кураш ишларига яна бир бор тўхталиб ўтди.
Касалликни юқтирган 2 минг 802 нафар фуқаромиздан 2 минг 314 нафари ёки 82 фоизи бутунлай соғайгани, бу курашда чинакам жасорат кўрсатаётган 23 минг нафар тиббиёт ходимларига жами 78 миллиард сўмдан зиёд рағбатлантириш пули тўлаб берилгани айтилди.
– Касалликка қарши курашиш билан бирга, чет эллардаги фуқароларимиз ҳақида ҳам қайғуряпмиз. Ҳозирги кунгача хориждан 39 минг нафар юртдошларимизни олиб келдик. Ташқарида оғир аҳволда қолган яна 12 минг нафар фуқаромизга тегишли ёрдам кўрсатиб, уларни юртимизга олиб келиш чоралари кўрилмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.
Иқтисодиёт тармоқларида фаоллик тикланмоқда. Мисол учун, охирги ҳафтада тадбиркорлик субъектлари томонидан электр энергияси истеъмоли 13 фоизга кўпайган. Шунингдек, охирги икки ҳафтада биржада цемент савдоси олдинги ойнинг шу даврига нисбатан 104 минг тоннага, ёқилғи маҳсулотлари 74 минг тоннага, қурилиш ойнаси 60 минг квадрат метрга ошган.
Эпидемиологик ҳолатдан келиб чиқиб, ҳудудларни “яшил”, “сариқ” ва “қизил” зоналарга ажратган ҳолда, 110 мингга яқин тадбиркорлик субъектининг фаолиятига рухсат берилди, 600 мингдан зиёд ходимлар иш жойига қайтди.
Умуман, сўнгги икки ойда пандемиянинг аҳоли турмуш тарзи ва иқтисодиёт тармоқларига таъсирини юмшатиш бўйича Президентнинг 12 та фармон ва қарори қабул қилинди. Бунинг натижасида 500 мингдан зиёд тадбиркорлик субъекти ва 8 миллиондан ортиқ фуқарога қарийб 30 триллион сўмлик имтиёз ва преференциялар берилди.
18 май куни давлатимиз раҳбарининг “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, 500 мингдан ортиқ тадбиркорлик субъектлари ва 100 мингга яқин аҳолига қўшимча 1,7 триллион сўмлик кўмак берилади.
Ўзини ўзи банд қилган аҳоли даромад солиғидан озод қилиниши белгиланди.
Давлат идоралари кўрсатаётган айрим хизматларни хусусий секторга ўтказиш бўйича топшириқлар берилди.
Тадбиркорлик субъектларига кредит бериш шартларини соддалаштириш, истеъмол кредитлари беришни кенгайтириш лозимлиги қайд этилди.
Яъни, сартарош, этикдўз, новвой, темирчи, дурадгор, тикувчи, таксист, таржимон, дизайнер, компьютер дастурчиси каби ўзини ўзи банд қилган 60 дан зиёд касб эгалари даромад солиғидан озод қилинади.
Мазкур имтиёздан фойдаланиш учун телефон орқали солиқ идораларини хабардор қилиш кифоя. Бундай фуқароларни рўйхатга олиш ва ҳисобини юритиш бўйича мобиль илова ишлаб чиқилади.