Тупроққалъа туманидаги аҳоли пунктлари кўчалари ва хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

https://regulation.gov.uz/uz/d/26310

ЛОЙИҲА

Ҳоким қарори

Тупроққалъа туманидаги аҳоли пунктлари кўчалари ва хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида

ID-26310 (V-1)

“Автомобиль йўллари тўғрисида” ги Қонунининг 20-моддаси ҳамда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 6 ва 25-моддаларига асосан     

 

Қ А Р О Р    Қ И Л А М А Н:

 

1. Тупроққалъа туман ободонлаштириш бошқармаси  томонидан ишлаб чиқилган “Тупроққалъа туманидаги аҳоли пунктлари кўчалари ва хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низом иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Туман ҳокимининг ўринбосари З.Матчонов, туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Р.Юлдошов фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда туман ҳудудидаги йўлларни сақлаш, таъмирлаш хамда ободонлаштириш ишларини ташкил этиб борсинлар.

3. Мазкур қарор ҳокимликнинг расмий веб-сайтига жойлаштирилсин, ушбу қарор расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради.

4. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилишни туман ҳокимининг ўринбосари З.Матчоновга, туман ободонлаштириш бошқармаси бошлиғи Р.Юлдошевга ва функционал вазифаларига кўра йўл соҳасига, тартиб ижросига масъул бўлган бошқа ташкилотлар зиммасига юклатилсин.

 

Тупроққалъа тумани ҳокими                                  А.Салаев

 
ИЛОВА: 1

Тупроққалъа туманидаги аҳоли пунктлари кўчалари ва хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги

НИЗОМ

 

Мазкур низом Тупроққалъа туманидаги хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларидан қишлоқларнинг кўчаларидан фойдаланиш тартибини белгилайди.

I. Умумий қоидалар

1. Ушбу Низомда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Аҳоли пунктлари кўчалари ва хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари — транспорт воситалари ҳаракатланиши учун мўлжалланган, уларнинг белгиланган тезликда, оғирликда, ўлчамларда муттасил ва хавфсиз ҳаракатланишини таъминлайдиган муҳандислик иншоотлари мажмуаси, шунингдек ушбу мажмуани жойлаштириш учун берилган ер участкалари
ва мажмуа устидаги белгиланган доирадаги бўшлиқ;

Йўллардан фойдаланувчилар — йўл ҳаракатининг иштирокчилари бўлган ёки ажратилган минтақа ҳамда йўл бўйи минтақаси доираларида белгиланган тартибда рухсат этилган фаолиятни амалга оширувчи юридик ва жисмоний шахслар;

ажратилган минтақа — кўчалар ва йўллар, уларнинг тегишли конструктив элементлари ва муҳандислик иншоотлари, шунингдек йўллардан фойдаланиш учун зарур бўлган бинолар, иншоотларни жойлаштириш, иҳота ва манзарали дарахтзорлар барпо этиш учун доимий фойдаланишга қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда бериладиган ер участкаси;

йўл бўйи минтақаси — ажратилган минтақага туташган, чегараларида аҳоли хавфсизлигини ва транспортнинг ҳаракатланиш хавфсизлигини таъминлаш учун ердан фойдаланишнинг алоҳида шартлари белгиланадиган ер участкаси;

хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари - қишлоқ жойлардан ўтадиган ва хўжаликларни ўзаро боғлайдиган автомобиль йўллари. Хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари (агар қонунларда бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса) туман ҳокимлиги ихтиёрида бўлади.

2. Туман ҳудудидаги йўллар хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари (бундан кейин “қишлоқ автомобиль йўллари” деб юритилади) ва аҳоли пунктларининг кўчалари (бундан кейин “аҳоли пункти кўчалари” деб юритилади)га бўлинади.

3. Хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари — қишлоқ жойлардан ўтадиган ва хўжаликларни ўзаро боғлайдиган автомобиль йўллари.

Хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини сақлаш, қурилиш-таъмирлаш ва бошқа йўлдан фойдаланиш билан боғлиқ тадбирларни амалга ошириш учун туман ободонлаштириш бошқармаси томонидан амалга оширилади ва бу йўллар мазкур бошқарма ихтиёрида бўлади.

4. Хўжалик автомобиль йўллари давлат ёки юридик ва жисмоний шахсларнинг мулки бўлиши мумкин. Технологик мақсадларга хизмат қиладиган йўллар, шохобча, хизмат, патруль ва бошқа шунга ўхшаш автомобиль йўллари хўжалик автомобиль йўллари жумласига киради.

5. Аҳоли пунктларининг кўчалари маҳаллалар ва қишлоқлар доирасида ўтади, мазкур кўчаларнинг Ўзбекистон Республикасининг умумий фойдаланишдаги автомобиль йўллари рўйхатига белгиланган тартибда киритилган участкалари бундан мустасно.

Аҳоли пунктларининг кўчалари давлат мулки бўлиб, туман Ободонлаштириш корхонаси ихтиёрида бўлади.

6. Аҳоли пунктларининг кўчалари, шунингдек хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўллари давлат мулки бўлиб, йўллардан фойдаланувчилар учун очиқдир. Аҳоли пунктларининг кўчалари, шунингдек қишлоқ автомобиль йўллари аҳоли эҳтиёжларини, давлатнинг ижтимоий-иқтисодий ва мудофаа эҳтиёжларини қаноатлантириш учун Тупроққалъа тумани, массивлар ҳамда бошқа аҳоли пунктлари ўртасида юклар ва йўловчилар ташишни таъминлайди.

7. Аҳоли пункти кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўллари ва уларга ажратилган минтақаларда ҳаракат хавфсизлигининг таъминланганлиги ва тўғри ташкил этилганлиги, ҳаракат хавфсизлиги талабларига зид камчиликлар
ва ноқонуний қурилишлар бўлмаслиги ободонлаштириш бошқармаси, йўл ташкилотлари (ёки бошқа мутасадди идоралар) ҳамда ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан назорат қилинади.

8. Аҳоли пункти кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўллари ва уларга ажратилган минтақаларнинг келгусида ривожлантириш режасини ҳамда мазкур жойларга қуриладиган объектларнинг меъёрий ҳужжатлар талабларига мувофиқ бўлишини назорат қилиш туман қурилиш бўлими томонидан амалга оширилади.

II. Тупроққалъа тумани  ва  бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларидан, шунингдек хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини молиялаштириш

9. Тупроққалъа тумани ва бошқа аҳоли пунктларининг кўчаларини, шунингдек хўжаликлараро қишлоқ автомобиль йўлларини молиялаштириш маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

10. Хўжалик автомобиль йўлларини молиялаштириш улар қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, ўша юридик ва жисмоний шахслар томонидан амалга оширилади.

III. Аҳоли пунктларининг кўчаларидан  ва  қишлоқ автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

11. Қишлоқ автомобил йўллари ва аҳоли пунктлари кўчаларидан ҳамда уларга ажратилган минтақалардан фойдаланиш:

Қишлоқ автомобиль йўллари ва аҳоли пунктлари кўчаларидан фойдаланиш Ўзбекистон Республикасининг "Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунига ва йўл харакати қоидаларига амал қилган ҳолда амалга оширилади.

12. Қишлоқ автомобиль йўллари ва аҳоли пунктлари кўчаларидан юридик
ва жисмоний шахслар фойдаланиш хуқуқига эга.

13. Йўл минтақасидаги ер ости ва устидан ўтувчи ҳамда бошқа иншоот
ва коммуникацияларни қурувчи ёки таъмирловчи ташкилотлар тегишли талабларга амал қилишлари шарт.

Ажратилган минтақадан унда ишлар бажариш учун автомобиль йўли қайси юридик ва жисмоний шахслар ихтиёрида бўлса, фақат ўша юридик ва жисмоний шахсларнинг рухсати билан фойдаланилиши мумкин.

Ажратилган минтақанинг участкалари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш
ва ҳаракат хавфсизлиги қоидалари талабларини таъминлаш шарти билан сервис объектларини жойлаштириш учун вақтинча фойдаланишга белгиланган тартибда берилиши мумкин.

14. Аҳоли пункти кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари:

йўллардан мутассил, йил давомида, хавф-хатарсиз, эркин ва қулай шароитларда ҳаракатланиш;

аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўллари шароитлари тўғрисидаги барча ахборотларни олиш;

йўллардаги носозликлар туфайли етказилган зарарни белгиланган тартибда ундириб олиш;

йўлларда йўл харакати қоидаларига асосан белгиланган тезликда харакатланиш.

15. Йўллардан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари:

йўллар ва ундаги сунъий иншоотларга зиён етказмайдиган, ҳаракат хавфсизлиги талабларига жавоб берадиган, техник жиҳатдан соз машина
ва транспорт воситаларидан фойдаланиш;

йўлга ажратилган минтақани ифлослантирмаслик ва йўлга шикаст етказмаслик;

йўл элементлари шикастланишига йўл қўйган фойдаланувчилар, белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади ҳамда шикастланган элементларни ва уларни тиклаш ишлари қийматини қоплайди;

автомобиль йўлида транспорт воситаси қатнови, йўл харакати қоидаларига асосан фақат йўлнинг қатнов қисмида, харакат йўналиши бўйича ўнг томонда харакатланишига рухсат этилади;

йўл харакати иштирокчилари автомобиль йўлларида ва йўл иншоотларида харакат хавфсизлигига зид носозликлар ва бузилишларни кўришганида, бу хақда яқиндаги йўл ташкилотлари ёки ички ишлар органларига зудлик билан хабар беришлари шарт.

16. Йўл бўйида амалдаги меъёрий ҳужжатлар талаблари асосида жойлашган бозорлар, савдо ва хизмат кўрсатиш ва бошқа объектлар бўлса, улардан фойдаланувчи юридик ва жисмоний шахслар транспорт воситалари учун барча қулайликларга эга, кириш ва чиқиш йўллари бўлган майдонлар ва транспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойлари бўлишини ҳамда йўл минтақасини тоза ҳолда сақлашни белгиланган тартибда таъминлаши шарт.

17. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўллари ҳамда уларнинг хавфсизлик минтақаларида қуйидагилар таъқиқланади:

автомобиль йўллари ва улардаги сунъий иншоотларни сақлашга ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга тааллуқли бўлмаган бошқа бино ва иншоотларни қуриш;

йўлларга, йўл иншоотлари, йўл белгилари ва кўрсаткичларига, ҳаракатланишни ташкил этувчи ва бошқарувчи техник воситаларга ҳамда йўлга тааллуқли бошқа нарсаларга зиён етказиш;

ҳаракатланиш вақтинча тўхтатилган йўл қисмларидан транспорт воситасида махсус рухсатномасиз ўтиш;

асфальтобетон ва цементобетон қопламали йўлларда занжирли транспорт воситаларининг махсус ҳимояловчи бошмоқларсиз ҳаракатланиши,

катта ҳажмли ва оғир вазнли, ҳавфли юкларни ташишда ўрнатилган қонун-қоидаларга асосан махсус рухсатномасиз харакатланиши;

подаларни ҳайдаб ўтиш, (подаларни фақат белгиланган ва тегишли йўл белгиси қўйилган жойдан ҳайдаб ўтишга рухсат этилади) ва уларни боқиш;

қатнов қисми ва йўл четини, кўприкларни, қувурларни, ариқчаларни, сув қочириш иншооти (дренаж) қурилмаларини ифлослантириш, йўлларга
ва ажратилган минтақага тўкилиб-сочиладиган юкларни белгиланган идишларга жойлаштирмасдан ташиш;

йўналишларни ажратувчи тасмага барча турдаги транспорт воситаларининг чиқиши;

йўл ва йўл иншоотларини ҳар қандай элементлар билан, аравалар, техникалар, материаллар ва бошқалар билан тўсиб қўйиш, аркалар, шлагбаумлар
ва бошқа иншоотлар қуриш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қуритиш, ҳар хил материалларни тахлаб қўйиш, чиқинди ва қорларни уйиб қўйиш;

транспорт воситаларини таъмирлаш ва мойлаш, ёнилғи-мойлаш материалларини қуйиш, юк ортиш ва юк тушириш, юкни бошқа техникага ортиш ва маҳкамлаш, тозалаш ва ювиш (иложсиз ҳолатларда улар йўлдан чиқиб, ажратилган тасма ҳудудида бундай ишларни амалга ошириши мумкин, бироқ ҳайдовчи ёки транспорт воситаси эгаси шу жойни дарҳол тозалаб қўйиши шарт);

ажратилган минтақада ҳамда кўприклардан, йўл ўтказгичлардан
ва эстакадалардан 200 метргача бўлган масофаларда лагерлар, палаткали шаҳарчалар барпо этиш ва олов ёқиш;

дарёлар ва анҳорларнинг кўприклари остида қайиқлар станцияси, қайиқлар тўхташ жойи ва бошқа иншоотлар қуриш;

кўприклар, йўл ўтказгичлар ва бошқа сунъий иншоотлар остида ва устида йўл инфраструктурасига боғлиқ бўлмаган бино ва иншоотларни қуриш;

дарёлардаги кўприклардан ўзан бўйлаб юқорига ва пастга қараб 2,5 км. гача бўлган масофада қум ва тошлар олиш учун карьерлар барпо этиш;

ер шўрини ювиш, йўл четидаги ариқчалардан суғориш учун фойдаланиш, маданий қишлоқ хўжалиги экинларини экиш, яшил минтақани суғориш каби ишларда автомобиль йўлларини сувга бостириш, ажратилган минтақани балчиқлантириш;

сув қочирувчи иншоотларга ва захира ерларга канализация, ишлатилган мелиорация ва оқова сувларни оқизиш;

юқори кучланишли электр тармоқларининг автомобиль йўлларини кесиб ўтиш жойларини электр сими узилиб, йўл қисмига тушишига қарши хавфсизликни таъминловчи ҳимоя қурилмаларисиз қуриш.

18. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўлларига туташ ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари ва улардан фойдаланувчилар мажбуриятлари:

автомобиль йўлига қўшиладиган ва шохобча йўлларни техник жиҳатдан соз ҳолатда сақлашлари;

ажратилган минтақадаги дов-дарахтларни асраш ва сақлашга кўмаклашишлари;

аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўллари йўлига туташ буталарни парвариш қилишлари ва иморатларни соз ҳолатда сақлашлари;

аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўллари ўқидан эллик метрдан кам бўлган масофада тошлар, шох-шабба, конструкциялар
ва бошқа материаллар тўпланишига йўл қўймасликлари шарт.

19. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларнинг йўлни балансда сақловчи ташкилотлар билан келишмасдан қуйидагиларни амалга ошириши таъқиқланади:

катта ҳажмли, оғир вазнли ва хавфли юкларни ташиш;

йўлларни каналлар, алоқа ва электр энергияси узатувчи тармоқлар, нефть
ва газ ўтказувчи қувурлар ҳамда темир йўллар билан кесиб ўтиш;

йўлларга қўшилувчи ва шахобча йўллар қуриш;

кўприклар ва сув ўтказувчи қувурлар яқинида мелиорация ҳамда бошқа мақсадлар учун дарёлар ва зовурларнинг ўзанларини чуқурлаштириш;

йўлларга қўшилиб кетган шлюзлар, тўғонлар ва бошқа мелиорация ҳамда гидротехника иншоотларини таъмирлаш;

ажратилган минтақада йўл ахборотига алоқаси бўлмаган реклама, эълонлар ўрнатиш ва жойлаштириш;

йўлларнинг четларида, йўл кўтармалари ёки ўймалари қияликларида жойлашган фойдаланишдаги алоқа ва электр энергияси узатиш, хамда нефть ва газ ўтказувчи қувурлар тармоқларини таъмирлаш;

ажратилган минтақада рухсатсиз кўкаламзорлаштириш ишларини олиб бориш;

йўлларда спорт мусобақалари ва оммавий тадбирлар ўтказиш;

йўллардан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қуритиш мақсадларида фойдаланиш;

йўлларда транспорт ва пиёдалар харакатига таъсир ўтказувчи барча ишларни олиб бориш.

20. Ер ости ва усти мухандислик коммуникациялар йўл минтақаси ёқалаб ўтказилиши йўлларни балансда сақловчи ваколатли ташкилотнинг рухсати билан, амалдаги меъёрий ҳужжатларда белгиланган қоидалар талаблари асосида амалга оширилади. Бирорта коммуникация тармоқларининг тўғридан – тўғри йўл тўшамасида жойлаштирилиши тақиқланади.

21. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўллари минтақаларида сервис ва инфратузилма объектларини жойлаштириш йилни балансда сақловчи ташкилот ва туман ҳокимлиги рухсати билан, белгиланган тартибда тегишли идора ва ташкилотлар билан келишилиб, ўрнатилган тартибда амалга оширилади.

22. Ажратилган минтақанинг участкалари атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ҳаракат хавфсизлиги қоидалари талабларини таъминлаш шарти билан сервис объектларини жойлаштириш учун вақтинча фойдаланишга белгиланган тартибда берилади.

IV. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг рухсат этилган габаритлари ва ўқига тушадиган юкламалари

23. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг рухсат этилган габаритлари ва ўқига тушадиган юкламалари умумфойдаланишдаги автомобил йўлларига белгиланган меъёрларга мувофиқ белгиланади.

V. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўллари транспорт харакатини вақтинча чеклаш ва тўхтатиш ҳолатлари

24. Аҳоли пункти кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўлларида транспорт ҳаракати  қуйидаги ҳолларда вақтинча чекланиши ва тўхтатилиши мумкин:

аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўллари қайта қуриш, мукаммал таъмирлаш ва таъмирлашда;

ноқулай табиий иқлим шароитларида йўллар ва унинг айрим бўлакларидаги конструктив элементларнинг кўтариш имконияти пасайганида ва бошқа ҳолатларда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда.

25. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўлларида транспорт харакати вақтинчалик чекланса ёки тўхтатилса, йўлни балансда сақловчи
ва таъмирловчи ташкилот ушбу ҳолат юзасидан йўлдан фойдаланувчиларни огоҳлантириши шарт.

26. Йўлларда ҳаракатланишни вақтинча чегаралаш ёки тўхтатиш тегишли йўл ташкилотлари томонидан, ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари билан келишилган ҳолда амалга оширилади.

27. Оммавий тадбирлар ўтказиш пайтида эса йўлларда ҳаракатланишни вақтинча чегаралаш ёки тўхтатиш учун туман ҳокимининг фармойиши бўлиши лозим.

28. Транспорт ҳаракати вақтинчалик чекланган ёки тўхтатилган автомобиль йўлларида фойдаланувчиларни назорат қилиш давлат назорат органлари томонидан берилган ваколатлар чегарасида амалга оширилади.

29. Ноқулай табиий-иқлим шароитларида жорий қилинадиган вақтинчалик транспорт ҳаракат чекловлари:

йўлларнинг қурилмавий элементлари ўта намланган баҳор мавсумида;

йўллар қурилмавий элементларининг ўта юқори ҳаво ҳарорати таъсирида юк кўтариш имконияти сусайган ёз мавсумида;

30. Баҳор мавсумида ҳаракатни вақтинчалик чеклаш амалдаги транспорт воситаси ўқига тушадиган юкламани чекловчи тегишли йўл белгиларини ўрнатиш орқали далолатнома асосида амалга оширилади.

Баҳор мавсумида қуйидаги ҳолатларда ҳаракатни вақтинчалик чеклаш жорий қилинмайди;

барча йўналишлардаги автобусларда йўловчилар ташишда;

озиқ-овқат маҳсулотлари, ҳайвонлар, дори-дармонлар, ёқилғи-мойлаш материаллари, уруғлик фонди, ўғитлар, почта ва почта юкларини ташишда;

табиий офатларни тугатиш ёки олдини олиш ёҳуд фавқулодда вазиятларда керакли юкларни ташишда;

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигига тегишли транспорт воситаларининг ўтишида.

VIАҳоли пункти кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўлларини cақлаш ва таъмирлашда йўл ташкилотларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари

31. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўлларини сақлаш
ва таъмирлашда йўл ташкилотларининг хуқуқлари:

Йўл ташкилотлари, ободонлаштириш бошқармаси, ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ва Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ҳудудий органлари билан ҳамкорликда ноқулай табиий-иқлим шароитларида, табиий офатлар, ёнғинларда йўлларнинг юк кўтариш имкониятининг йўқолиши ва бошқа шу каби вазиятларда, шунингдек, тамирлаш-қурилиш ишларини ўтказишда транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш ёки таъқиқлаш ҳамда бу ҳақда жойлардаги туман ҳокимлигини хабардор қилиш, автомобиль йўлларидан фойдаланувчиларга оммавий-ахборот воситалари орқали билдириш ва тегишли йўл белгиларини ўрнатиш ҳуқуқига эгадирлар.

32. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўлларини сақлаш
ва таъмирлашда йўл ташкилотларининг мажбуриятлари:

тасарруфидаги йўллар ва кўчалар ҳамда муҳандислик иншоотларини соз ҳолатда сақлаш ва йўлдан транспорт воситаларининг муттасил ҳамда хавфсиз ўтишларини таъминлаш;

тасарруфидаги йўллар ва кўчаларда муҳандислик иншоотларини меъёрий талаблар асосида сақлаш ва улар ҳолатини яхшилаш бўйича тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқиш;

йўлларни ва йўл иншоотларини қиш мавсумида тезкорлик билан қордан тозалаш, музламалар олдини олиш ва йўлнинг ифлосланмаслик чораларини кўриш;

йўлнинг нобоп бўлаклари талаб даражасида жиҳозланишини, кечаси
ва кундузи яхши кўринадиган тўсиқлар, йўл белгилари ва тегишли кўрсаткичлар ўрнатилган бўлишини, зарур ҳолларда эса айланиб ўтиш йўлларини ташкил этиш;

йўлнинг айрим бўлакларидаги хавфли вазият ва қийин об-ҳаво ҳақидаги маълумотлар бўйича ҳаракат қатнашчиларини ўз вақтида огоҳлантириш;

йўл шароити билан боғлиқ йўл-транспорт ходисаларини доимий ўрганиб бориш, ходиса сабабларини таҳлил қилиш ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан узвий ҳамкорликда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар кўриш;

ҳалокат содир бўлган вазиятларда у ҳақда тегишли давлат органларини хабардор қилиш, жабрланувчиларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш ва тез ёрдам хизматини чақириш;

йўл қатнов қисмининг қурилиш материаллари билан тўсилиб қолишига йўл қўймаслик, ишламаётган йўл машина ва механизмларини ўз вақтида йўлдан чиқариб қўйиш;

автобус бекатларида йўловчиларни чиқариш ва тушириш майдонлари бўлишини таъминлаш, зарур ҳолларда автопавильонлар қуриш;

ҳайдовчиларнинг дам олиши учун белгиланган жойларда транспорт воситалари туриши учун тегишли шарт-шароитлари бўлган майдончалар ташкил этиш;

йўл белгиларини амалдаги давлат стандартига асосан ўрнатиш, ҳаракатланиш учун хавфли бўлган участкаларни зарур тўсиқлар ва қурилмалар билан жиҳозлаш;

амалдаги техник меъёрларга асосан автомобиль йўллари билан бир сатҳда кесишган темир йўл кесишмаларини сақлаш.

33. Йўл минтақаси ёки унга туташ жойларда хар қандай иш олиб бораётган юридик ва жисмоний шахслар бажараётган ишларини йўл ташкилоти ва Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг тавсия ва кўрсатмалари асосида белгиланган муддатларда тамомлашга ва иш олиб бораётган йўл бўлакларидаги ҳаракат хавфсизлигига тўлиқ жавобгардирлар. Улар иш бошлашдан олдин йўл ташкилотидан тегишли рухсатнома(ордер) олиши шарт.

34. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган жойлардаги ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида йўл ташкилотлари тегишли чора-тадбирлар кўриши лозим.

35. Таъмирлаш ишлари олиб бориладиган йўл қисмига таъмирлашни бошлашдан олдин вақтинчалик йўл белгилари, сигналлар, конуслар, рангли байроқчали боғичлар, тўсувчи ва йўналтирувчи мосламалар, ишора устунчалари, огоҳлантирувчи қизил чироқлар ёрдамида тўсиб муҳофазаланади
ва таъмирланаётган жойни айланиб ўтиш йўллари ташкил этилади.

36. Ҳаракатланишни ташкил этишнинг техник воситалари йўл ишлари олиб борилаётган жойларни тўсиқлар билан ўраш ва мазкур жойларда ҳаракатланишни ташкил этиш ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан келишилган схемага мувофиқ амалга оширилади.

37. Таъмирлаш ишлари олиб борилаётган жойларда ишлар тугаллангунга қадар хавфсиз ҳаракатланишни ташкил этиш масъулияти мазкур ишларни амалга ошираётган ташкилот раҳбарлари зиммасида бўлади.

 

VII. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўллари минтақаларидаги ерлардан фойдаланиш

38. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўллари ва йўл иншоотларини жойлаштириш учун ажратилган минтақа йўллар ва кўчалар ерлари деб белгиланган. Йўл ва кўчалар, улар эгаллаб турган ер давлат мулки хисобланади.

39. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўллари ва улар эгаллаб турган минтақа ерларига йўл пойи эгаллаб турган ер, транспорт чоррахаси, йўл ўтказгич, сунъий иншоотлар, карьерлар, йўлга хизмат кўрсатувчи ташкилотларнинг хизмат ва ётоқ бинолари, минтақадаги декоратив дарахтлар, бута ва бошқа дарахтлар, йўл инфраструктурасига кирувчи бошқа иншоотлар ерлари киради.

 

VIII. Ваколатли органлар томонидан йўллар ва унинг минтақасини назорат қилиш тартиби

 

40. Йўллардан фойдаланишда содир бўлган ва транспорт воситалари ҳаракатланишига тўсқинлик қилувчи ҳамда ҳаракат хавфсизлигига зид камчиликларни тезкорлик билан бартараф этиш учун амалга ошириладиган кундалик назорат ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан амалга оширилади.

41. Йўллар ва кўчаларни балансда сақловчи ташкилотлар  ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати билан йўлларини бир йилда икки марта (баҳор
ва кузда) мавсумий кўрикдан ўтказиб, унинг натижасига кўра чора-тадбирлар ишлаб чиқади.

Кўрик давомида аниқланган камчиликлар ва ноқонуний қурилишлар юзасидан ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан тегишли ташкилотларга ёзма кўрсатмалар ва туман ҳокимлигига тақдимномалар киритилади. Ёзма кўрсатмалар ва тақдимномалар олган тегишли ташкилотлар зудлик билан, ўз ваколати доирасида аниқланган камчиликларни ва ноқонуний қурилишларни бартараф этиш чораларини кўради.

IX. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўлларига туташ ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари ва улардан фойдаланувчиларнинг мажбуриятлари

42. Йўлларга туташ ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари
ва улардан фойдаланувчилар:

йўлларга қўшиладиган ва шохобча йўлларни техникавий жиҳатдан соз ҳолатда сақлашлари;

ажратилган минтақадаги дов-дарахтларни асраш ва сақлашга кўмаклашишлари;

йўлларга туташ буталарни парвариш қилишлари ва иморатларни соз ҳолатда сақлашлари шарт.

43. Аҳоли пункти кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўлига туташ ер участкаларининг мулкдорлари, эгалари ва улардан фойдаланувчилар йўл ўқидан эллик метрдан кам бўлган масофада тошлар, шох-шабба, конструкциялар ва бошқа материаллар тўпланишига йўл қўймасликлари шарт.

XБошқа давлатларга юк ташувчиларнинг туман ҳудудига автомобилда кириш-чиқиш тартиби

44. Хорижий давлатларга юк ташувчиларнинг туман ҳудудига автомобилда киришлари, бўлишлари, юк олиб ўтишлари ва ундан чиқиб кетишларининг тартиби Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига асосан амалга оширилади.

Йўл ҳаракати қоидалари ёки юк ташиш шартларига риоя қилмаслик оқибатида йўл иншоотларига етказилган зарар учун транспорт ҳайдовчиси амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавоб беради.

XI. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик

45. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўлларидан фойдаланиш тартибига риоя қилинмаганлиги учун юридик ва жисмоний шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгарликка тортиладилар.

XII. Якуний қоидалар

46. Аҳоли пунктлари кўчалари ва қишлоқ автомобиль йўллари соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK Dekabr 22, 2020 - Автор: Машарипов Фурқат