07.10.2020
Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббуснинг учинчи йўналиши – аҳоли ва ёшлар ўртасида компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланишни ташкил этишга қаратилган бўлиб, бу борада қатор вазифалар белгиланиб, Тупроққалъа туманида ҳам бир қатор ишлар олиб борилмоқда.
Хусусан, бугун 7 октябрь куни "Ўзбектелеком" АК Хоразм вилояти филиали Тупроққалъа тумани телекоммуникация боғламаси маъмурий биносида "Рақамли технологиялар ва IT-тадбиркорлик ўқув маркази"нинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Axборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазири ўринбосари Қ.Йулдошев, Axборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш Xoразм вилояти бошқармаси бошлиғи З.Каримов, сектор рахбарлари хусусан, туман ҳокими А.Салаев, ота-оналар, бир гуруҳ ITга қизиқувчи ёшлар ва бошқалар иштирок этдилар.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “2020 - 2022 йилларда Хоразм вилоятининг Тупроққалъа туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра Тупроққалъа тумани Алоқа бўлими биноси 800 млн. сўм маблағ эвазига тўлиқ таъмирдан чиқарилди.
Мазкур бинонинг бир қисми Тупроққалъа тумани Рақамли технологиялар ўқув маркази учун ажратилди ҳамда 22 та замонавий компьютер технологиялари, робототехника қурилмалари, проектор ва бошқа техника воситалари билан жиҳозланди.
Келгусида тумандаги умумтаълим мактабларининг 5-11 синфларда таълим олаётган 7 минг нафарга яқин ўқувчилари ушбу ўқув марказида ахборот технологиялари, дастурлаш соҳаларида инновацион ишланмалар яратиш, старт-ап лойиҳаларини ишлаб чиқиш билан шуғулланадилар.
Шу билан биргаликда ўқув марказида корхона ва ташкилотлар ходимлари ҳамда бошқа аҳоли вакилларини замонавий ахборот технологиялари соҳасида малакасини ошириш режалаштирилган.