
07.04.2022

Тупроққалъа тумани ҳудудида жами 256.4 километр узунликдаги ички хўжалик йўллари мавжуд бўлиб, шундан 107.5 километр қисми тупроқ йўллардан иборат.
Бугунги кунда ушбу йўлларнинг 214.5 километр (83.6 фоизи) қисми таъмирталаб йўллар ҳисобланади.
Мутасаддилар томонидан 2022-2026 йилга қадар бу борадаги камчиликларни босқичма-босқич бартараф қилиш бўйича қатор чора-тадбирлар ишланиб, таклифлар юқори турувчи тегишли идора ва ташкилотларга берилган.
Ўтган 2021 йил давомида Тупроққалъа туманида жами 22.4 километр узунликдаги ички хўжалик йўлларида таъмирлаш ишлари бажарилган. Жумладан: 16.4 километр тупроқ йўлларга қум тош аралашмаси (ШПС) ётқизиш ишлари, 2.7 километр йўлларига асфальт, 2.3 километр узунликдаги ички хўжалик йўлларига тош ётқизиш ишлари олиб борилган.
Хусусан, “Обод маҳалла” давлат дастури доирасида 11.4 километр, openbudget.uz сайти орқали жамоатчилик фикрига асосан маҳалий маблағлар ҳисобидан қарийиб 1,5 километр ва бошқа дастурлар асосида 24,1 километр ички хўжалик тупроқ йўлларида таъмирлаш ҳамда ШПС ётқизиш ишлари олиб борилиб, ҳолати яхшиланди.
2021 йилда Тупроккалъа тумани Питнак шаҳарчаси "Пахтакор" кўчасининг 600 метр қисмига асфалтобетон ётқизилган. Ушбу йўл ички хўжалик йўли бўлиб, қатнов қисми юзасида келгусида емирилишлар пайдо бўлмаслиги сабабли кунлар исишига қараб “битум” билан сиртқи ишлов бериш режалаштирилган эди.
Жорий йилнинг 30 март кунидан ҳарорат исиши билан “битум” билан сиртқи ишлов бериш ишлари бошлаб юборилган. Ушбу ички хўжалик автомобил йўлининг сифатли сақланиши учун мавсумий “битум” билан сиртқи ишлов қилиш ишлари олиб борилишини ҳамда сепилган “битум” қопламага сингиб кетиши билан қатнов қисми олдинги ҳолатга қайтишини маълум қиламиз.
