02.03.2022
Хорижий фуқароларни Ўзбекистон олий таълим муассасаларига қабул қилиш Вазирлар Маҳкамасининг “Хорижий фуқароларни Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш ва ўқитиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида”ги 2008 йил 4 августдаги 169-сонли қарорига мувофиқ амалга оширилади.
Хорижий фуқароларнинг ҳужжатлари Ўзбекистон Республикаси фуқаролари учун белгиланган муддатларда яъни бакалавриатга кириш учун 20 июндан 20 июлга қадар, магистратурага кириш учун 1 июлдан 30 июлга қадар қабул қилинади. Ўрнатилган тартибга биноан хорижий фуқаролар ҳужжатларини тегишли олий таълим муассасасининг Қабул комиссиясига тўғридан-тўғри топширишлари керак.
Хорижий фуқаролар бакалавриатга Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан ҳар йили 1 август куни ўтказиладиган тест синовлари натижалари асосида қабул қилинадилар. Магистратурага эса олий таълим муассасалари томонидан мустақил равишда таҳминан 1-10 август оралиғида ташкил этиладиган кириш имтиҳонлари натижаси асосида қабул қилинадилар.
Хорижий фуқароларни талабалар сафига қабул қилиш Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон Республикаси Таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясининг қарори асосида тест синовлари (бакалавриат учун) ёки кириш имтиҳонлари (магистратура учун) натижаларига кўра амалга оширилади.