19.08.2021
Расмий муносабат
Жорий йилнинг 11 август куни ижтимоий тармоқларда “Хоким муовини уйимга бориб тушунтириш хати беришимни ва расмга тушиб беришимни талаб қилди...” сарлавҳаси остида Тупроққалъа тумани, Саидлар маҳалласида яшовчи К.Сапаров томонидан билдирилган мурожаати кенг жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлган.
Ушбу ҳолат юзасидан туман ҳокимлиги қуйидагиларни маълум қилади:
Туман ҳокимлиги томонидан мурожаатлар билан ишлаш тизимини янада яхшилаш, қисқа муддатларда кўриб чиқиш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида янгича тизим асосида ишлар ташкил этилган ва тезкор штаб фаолияти йўлга қўйилган.
Шу билан бирга, режа графиклар асосида ташкиллаштирилаётган сайёр қабуллардан ташқари жисмоний ва юридик шахсларга қулайлик яратиш мақсадида хокимликнинг “телеграмм”, “фейсбук”, “инстаграмм” ва расмий “веб” саҳифалари очилиб, мурожаатлар қабул қилинмоқда.
Тезкор штабнинг хулосасига асосан фуқаро К.Сапаровнинг мурожаатини қайта кўриб чиқилиши ва ҳал қилиниши лозим деб топилган ҳамда мурожаатни қайта кўриб чиқиш учун туман ҳокимининг Тупроққалъа ҳудуди бўйича биринчи ўринбосари О.Абдиримов масъул қилиб белгиланган.
Шу асосда О.Абдиримов фуқаро К.Сапаровнинг яшаш манзилига ташриф буюрган.
Учрашув давомида фуқарони қийнаётган масалалар тингланиб, унга туман ҳокимининг 1-ўринбосари томонидан ҳуқуқий тушунтириш берилган ва тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилган.
Учрашув юзасидан тузилган далолатномага муаллиф муносабат билдириш ва имзо чекишдан бош тортган ҳамда далолатномага илова сифатида учрашув ҳақиқатда амалга оширилганини тасдиқлаш мақсадида суратга олишга рухсат бермаган, далолатномада ушбу ҳолатлар қайд этилган.
Учрашув давомида туман ҳокимининг 1-ўринбосари О.Абдиримов томонидан фуқаро Қ.Сафаровга хеч қандай босим ва тазйиқ ўтказилмаган.