Никоҳ тузиш тартиби ва шартлари

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 13-моддасида никоҳ тузиш тартиби белгиланган бўлиб, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади ва бундай никоҳ никоҳланувчилар ўртасида ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятни вужудга келтиради. Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмайди.

Никоҳни қайд этиш никоҳланувчи шахсларнинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларига ариза берган кундан кейин бир ой ўтгач, шахсан уларнинг иштирокида амалга оширилади. Бундай муддатни белгилашдан мақсад никоҳдан ўтиш истагида бўлган шахсларнинг никоҳга кириш тўғрисидаги қарорининг қанчалик қатъийлигини яна бир бор синовдан ўтказиш ҳисобланади.

Қонунчилигимизга кўра никоҳ тузиш ихтиёрий бўлиб, никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши, никоҳ ёшига етган бўлиши, ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 25 августдаги 365-сон қарори билан тасдиқланган «Никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш тўғрисида»ги низомга асосан тиббий кўрикдан ўтишлари лозим.

Шу билан бирга никоҳга киришга монелик қиладиган ҳолатлар мавжуд бўлиб, лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида, насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида, лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди.

 

 Тупроққалъа туман ФҲДЁ бўлими мудираси Л.Худаярова

 


Тарқатиш: Email Facebook Google LinkedIn Twitter VK VK Sentabr 17, 2021 - Автор: Машарипов Фурқат